...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда кўнгилочар савдо объектларига нисбатан талаблар кучайтарилади


12:03, 04.02.2019 Жамият
 3 574

Объектда пайдо бўлган жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки қидирилаётган шахслар тўғрисида дарҳол ички ишлар органига хабар беришлари шарт.

“Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Мазкур қарор билан Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисидаги низом тасдқиланади.
 
Мазкур Низом сутканинг тунги вақтида фаолият кўрсатувчи кўнгилочар савдо объектларида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига бўлган таҳдидларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишга, уларни қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларни белгилайди.
 
Низом қоидалари мулкчилик шаклларидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчамидан ва ҳоказолардан қатъи назар, сутканинг тунги вақтида одамларнинг дам олишлари ва ҳордиқ чиқаришлари билан боғлиқ товарлар
ва хизматларни сотишга мўлжалланган (мослаштирилган) ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ва бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларига татбиқ этилади.
 
Кўнгилочар савдо объектларида хавфсизликни таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш бўйича хизматлар шартнома асосида ички ишлар органлари ёки қўриқлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилиши мумкин.
 
Кўнгилочар савдо объектларининг маъмурияти ва ходимлари:
 
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ёнғин, табиий офат ва бошқа фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда бу ҳақда дарҳол тегишли махсус хизматга хабар беришлари;
 
одамларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ёрдамида ёнғинни ўчириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришлари;
 
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур чораларни кўришлари;
 
объектда пайдо бўлган жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки қидирилаётган шахслар тўғрисида дарҳол ички ишлар органига хабар беришлари шарт.
 
Низомга кўра, кўнгилочар савдо объектида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ходимларнинг хатти-ҳаракатлари режаси ва одамларни эвакуация қилиш схемаси ишлаб чиқилиши зарур.
 
Кўнгилочар савдо объектида сутканинг тунги вақтида хавфсизликни назорат қилиш учун масъул навбатчи ходим тайинланиши лозим.
 
Масъул навбатчи ходимнинг вазифаларини сотувчилар, ошпазлар, официантлар, мижозларга бевосита товарларни сотувчи ва хизматларни кўрсатувчи бошқа ходимлар зиммасига юклатилишига йўл қўйилмайди.
 
Кўнгилочар савдо объектларида қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари комплексини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш ва хавф-хатар сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.
 
Кўнгилочар савдо объекти Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳудудий бўлинмаларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топширилиб, унинг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияси комплекси техник қўриқлаш пунктининг бошқарув ва кузатув пультига уланиши лозим.
 
Қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари кўнгилочар савдо объектига рухсатсиз кириб-чиқишни (очишни, бузишни) ҳамда унда рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида алоҳида хоналарга, эшикларга, деразаларга, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларига ўрнатилади.
 
Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияларининг симларига шикаст етказилганида ишлаб кетадиган датчиклар билан таъминланган бўлиши лозим.
 
Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари комплексининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.
 
Кўнгилочар савдо объектларида видеокузатув тизимини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.
 
Сутканинг тунги вақтида фаолият кўрсатувчи кўнгилочар савдо объектлари ва унинг атроф-ҳудудлари етарли даражада ёритилиши лозим.
 
Кўнгилочар савдо объектлари алкоголдан ўткир мастлик ҳолатида бўлган ва ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибига хавф туғдирувчи шахсларга хизмат кўрсатмаслик ҳамда бундай шахсларни объектга киритмаслик ҳуқуқига эга.
 
Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган кўнгилочар савдо объектининг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.
 
Кўнгилочар савдо объектининг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари орқали қасддан алдаб ташвиш сигналини берганлик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
 

Теглар:Кўнгилочар савдо объектлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар