Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига амал қилган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш учун мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик маълумотлар базасини шакллантириш бўйича белгиланган тартибда таклиф киритиш вазифаси топширилди.
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов зиммасига юклатилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади.
Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилган шахс ва унинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларга эга бўлади.