...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент қарори: бахшичилик санъати фестивали ўтказилади


15:58, 02.11.2018 Жамият
 1 944

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 1 ноябрь куни “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти энг аввало унинг оғзаки ижоди – фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам топган бўлиб, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади.
 
Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб юритилади) ташкил этиш ҳамда ушбу фестивални биринчи марта 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
 
2. Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб юритилади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида низом;
 
Халқаро бахшичилик санъати фестивалини 2019 йилда ўтказиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
 
3. Ташкилий қўмитага (А.Арипов):
 
Фестивални ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
 
Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, ҳайкалчалар намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
 
Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.
 
4. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгилансин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
 
Фестивалга хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонларни таклиф этишда Маданият вазирлигига амалий ёрдам кўрсатсин;
 
Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг буюртманомаларига биноан, Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
 
6. Маданият вазирлиги Фестивалнинг тантанали очилиш маросимини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларни кенг жалб этсин.
 
7. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Термиз шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, Фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва заллар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.
 
8. Маданият вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Cавдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:
 
Фестиваль доирасида Термиз шаҳридаги “Сурхондарё санъат саройи” давлат муассасаси майдони ҳудудида бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;
 
Фестиваль дастури ишлаб чиқилиши ва унинг Фестиваль ўтказилишидан уч ой аввал туризм ташкилотларига тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини;
 
Фестиваль веб-сайтини бир ой муддатда тайёрлаб, Интернет тармоғига жойлаштирилишини ҳамда мунтазам равишда янгиликлар, фотосуратлар, аудио ва видео материаллар билан янгилаб борилишини таъминласин.
 
9. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратиш чораларини кўрсин.
 
10. Белгилаб қўйилсинки, Фестивални тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда ҳамда ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
 
11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
 
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Теглар:Президент қарори Бахшичилик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар