Давлат раҳбари мутасаддиларга қурилиш ишларини сифатли бажариш, иншоотларни ўз вақтида қуриб битказиш ва топшириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакат шаҳар ва қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.
Давлат раҳбари Олмалиқ шаҳри марказидаги 5/2 массивида қурилаётган 7 қаватли, 2 ва 3 хонали турар-жой биноларини бориб кўрди. Ўн беш йилга имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган мазкур уй-жойларда айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда, деб ёзади ЎзА.
“Бу каби уйлар ғиштдан қурилаёгани ҳар томонлама фойдали. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Бундан ташқари, табиий таъсирларга чидамли”, дейди Президент.
Давлат раҳбари мазкур уйларда яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини сифатли бажариш, иншоотларни ўз вақтида қуриб битказиш ва топшириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳри аҳолиси билан мулоқот қилди. Самимий ва очиқ ўтган суҳбатда шаҳар фаоллари ва ёшлар давлат раҳбарига мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётнинг турли жабҳаларида аниқланаётган долзарб масала ва муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаётгани учун миннатдорлик билдирди.