Президент йиғилишда 2018 йил Мудофаа вазирлигида фаолият юритаётган ходимларга ҳам осон келмаслигини таъкидлади.
Президент бугун кадрлар тайёрлаш масаласи катта муаммолардан бирига айлангани, мудофаа тизимидаги кўпчилик раҳбарлар юқоридан топшириқ олишга ўргангани, уларда ташаббускорлик йўқлигини айтиб, бунда вазирликнинг собиқ раҳбариятини айблаган эди.
Давлат раҳбари Мудофаа вазирлиги тизимларидаги кадрлар алмашинувини қуйидагича изоҳлади:
“Мен мудофаа вазирининг тавсиясига биноан, вазирнинг иккита ўринбосари, Қуролли Кучлар академияси раҳбари ва Чирчиқ ҳарбий билим юрти бошлиғини лавозимидан озод қилдим. Ҳозиргача ҳарбий округ қўшин қўмондони вазифасини вақтинча бажариб келаётганлардан бири бу лавозимга тасдиқланмади.
Айни пайтда, қўйилган талабларга жавоб бермаётган ва қўшинлар билан фаол ишлашдан ўзини четга олган 40 га яқин ҳарбий хизматчи мудофаа вазири томонидан ишдан бўшатилгани, 36 нафарининг лавозими пасайтирилгани нимадан далолат беради? Бу биринчи навбатда, соҳада ҳарбий кадрлар фаолиятини аниқ баҳолашнинг рейтинг тизими мавжуд эмаслигини, оқибатда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз эканини кўрсатади”.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидаги кадрлар фаолиятини қаттиқ танқид қилиб, тизимда катта алмашинувларни амалга ошириш вақти келганини ва бунда вазирдан таклиф кутаётганини айтган эди. Шундан кейин вазирлик тизимидан 562 киши эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.
Президент йиғилишда 2018 йил Мудофаа вазирлигида фаолият юритаётган ходимларга ҳам осон келмаслигини таъкидлади.
“Мана шу ва бошқа мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тизимда барча ишларни замон талаблари даражасида ташкил этиш, ҳарбий соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида мен Бош штаб бошлиғи ҳамда барча ҳарбий округ қўмондонларини янгитдан тайинладим.
Шу муносабат билан барчангизни огоҳлантириб айтмоқчиман: 2018 йил сизлар учун катта синов йили бўлади. Нега деганда, ҳар қайси округ олдида турган вазифалар, мавжуд таҳдид ва хавф-хатарлар бир-бирига ўхшамайди. Буни ҳар қайси раҳбар чуқур билиши ва ўз фаолияти учун зарур хулоса чиқариб олиши даркор”, дейди давлат раҳбари.