...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент маҳалла раисини сайлаш тўғрисидаги қонунни имзолади


14:25, 16.10.2018 Жамият
 5 980

Қонунга кўра, раисни сайлаш тартиби, раислик муддати ўзгарди.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.
 
Қонун билан “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун ўз кучини йўқотди.
 
Қонун билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар ўрнатилди.
 
Хусусан, эндиликда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби бекор қилинди.
 
Яна бир муҳим жиҳат, ушбу сайловларнинг шаффоф ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида, Қонунда фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилиши белгиланди.
 
Қонундаги муҳим ўзгаришлардан яна бири, бу фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг уч йилга сайланиши бўлди. Муқаддам улар икки ярим йилга сайланар эди.
 
Шу билан бирга, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мумкинлиги Қонунда акс этди.
 
Сайловларда фуқароларнинг вакиллари бўлиш учун ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш кераклиги қайд этилди. Эндиликда бу вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак бўлади.
 
Муҳим ўзгаришлардан яна бири, эндиликда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари фақат яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Илгари сайловлар очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилар эди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Фуқаролар йиғини Қонун 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар