...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент Ислом Каримовнинг китоби “2015 йилнинг энг долзарб асари” деб тан олинди


22:10, 31.12.2015 Жамият
 15 743

2015 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асари чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йилда чоп этилган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асари “2015 йилнинг энг долзарб асари” номига лойиқ деб топилди. Мазкур асарда бугунги таҳликали даврда миллатнинг ўзлигини сақлаб қолиш, халқнинг бирдамлиги, бир ёқадан бош чиқариб, буюк келажак қуриш йўлида илдам қадам ташлаши, ёшларда Ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини юксалтириш, ижтимоий фаоллиги, бугунги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини тобора ошириш, кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий-демократик давлат қуришнинг асосий тамойиллари ҳақида сўз боради.

2015 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Республикасида улкан сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Конституциямиз, миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари, демократик тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкоралик, тенглик ва холислик принципларига тўла мувофиқ равишда ўтказилган ушбу сайловда сайловчиларнинг 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовга овоз берди.

Асарда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар олдидан Ислом Каримовнинг сайловчилар билан ўтказган учрашувларидаги суҳбатлардан нутқлари келтирилган. Асарни ўқир экансиз унда келтирилган мулоҳазалар бугунги давр учун ғоят жиддий ва зарур эканини англайсиз. Унда шундай фикрлар бор: “Биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз. Энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаймиз. Ўзбекистон ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Узоқ ва яқин атрофимизда вужудга келаётган бугунги мураккаб вазиятда айнан шундай йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри ва энг маъқул деб биламиз”.

Ислом Каримов бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида рўй бераётган ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий келишмовчиликлар, улар ортидаги ҳарбий ҳаракатлар, халқлар ўртасидаги ўзаро курашларнинг негизига эътибор қаратар экан, ўзбек халқи улардан буткул фарқ қилиши кераклиги, ҳеч қачон бошқаларнинг ноғорасига ўйнамаслигига ўз эътиборини қаратиб, фикрларини кескин ифода этади.

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларданоқ “Ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар – инсон ва унинг манфаатлари учун” деган пурмаъно ғояни ўз олдига мақсад қилиб олди. Президент Ислом Каримов ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотларга эътибор қаратиб, қуйидаги фикрларини баён этган.

“Эски шаҳар бундан 15-20 йил аввал қай аҳволда бўлганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. Ёзда чанг-тупроқ, қишда лой-ботқоқ бўлиб ётадиган тор кўчалар, табиий газ, тоза ичимлик сувидан, канализация каби қулайликлардан маҳрум, пастқам уйлар Тошкентнинг қоқ марказида эски мустабид шўро тузуми сиёсатининг асорати сифатида, шаҳримиз ҳуснида доғ бўлиб турар эди.

Йиллар давомида қанча-қанча раҳбарлар ўзгарди, авлодлар алмашди, лекин Эски шаҳарда истиқомат қилган халқимизга нисбатан менсимасдан қараш ўзгармай, барчамиз учун “қиёмат қарзимиз” бўлиб қолаверди.

Мустақилликка қадар Эски шаҳар аҳолисининг 17 фоизи табиий газ, қарийб 18 фоизи эса тоза ичимлик сувидан, деярли барчаси канализация, телефон сингари замонавий қулайликлардан бебаҳра эди.

Совет даврида ҳамма Тошкентни “Шарқ дарвозаси” дер эди-ю, лекин, афсуски, бу дарвозанинг калити бошқа қўлларда эди. Очиғини айтганда, шаҳар бедарвоза бўлиб қолган эди. Шунинг учун мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб бу мураккаб муаммони ечиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш масаласини устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйдик ва улкан ишларни амалга оширдик”.

Бу гаплар шунчаки қуруқ сафсата эмас, аксинча реал ҳаётимизда ўз исботини топган ҳақиқат. Бугун нафақат Тошкент шаҳри, балки вилоятларнинг энг чекка ҳудудларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, қишлоқлар шаҳарга айлантирилаётгани, замонавий уйлар, жаҳон стандартларига мос мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қуриб берилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Президент Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарида ҳам ўтган йилларда эришган ютуқларимиз “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол асосида таҳлил қилиниб, олдимизда турган дозарб вазифалар ўртага ташланади. 
 

Теглар:Ислом Каримов Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар