“Диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боради”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари илгари ҳам соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромовга нима сабабдан ўтган шунча йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмаганлигини сўради ва бугунги кунда уларда 2 минг 500 нафар врач етишмаслиги, бу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда пастлигини таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини кескин танқид қилар экан, Ўзбекистон фуқароларининг кўп қисми даволаниш учун хорижий мамлакатлардаги шифохоналарга мурожаат қилаётгани масаласини ҳам ўртага ташлади.
Давлат раҳбари вазир Адҳам Икромовга юзланиб, “Диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боришга ва оила бюджетидан катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётганидан сизнинг хабарингиз йўқми?”, дея мурожаат қилди.
Шу йил 5 январь куни Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи ходимлари билан ўтказилган учрашуви чоғида туғруқхоналардаги таъмагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Айни шу хусусида сўз кетганда, “Бу борада фақатгина ўтган йилнинг ўзида 174 та жиноят иши қўзғатилган”, дейди Шавкат Мирзиёев
Президентимиз Соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат этар экан, экология масаласига ҳам тўхталди. Бу борада вазир экология одамларнинг соғлиғига ва мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолатга таъсир қилишидек хавфга эътиборсиз қараётганига шаъма қилди.
Адҳам Икромовга “Шахсан сиз ва “Дори-дармон” компанияси раҳбари Абдуғани Комилов нима сабабдан дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаяпсиз?”, деб савол берган Президент бу соҳада қиммат дориларнинг 45 фоизи импорт дорилар экани, бунинг устига, уларнинг нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилганини қайд этди
“Адҳам Илҳомович, сиз раҳбарлик қилаётган комплекснинг яна бир муҳим тармоғи – жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ. Албатта, бу соҳада, айниқса, олий маҳорат спорти борасида кейинги йилларда муайян ютуқларимиз бор. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Лекин охирги Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланди. Бунинг сабаби нимада? Сўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилган. Бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилган. Яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак?”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент навбатдаги йиғилишда ҳам қишлоқ врачлик пунктлари, юқори технологиялар асосидаги ихтисослашган марказлар ва тез тиббий ёрдам станциялари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш лозимлигини айтиб ўтди. Шунингдек, врачлар ва тиббиёт ходимлари малакасини ҳам мамлакатимизда, ҳам етакчи хорижий клиникаларда ошириш, 340 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чегараланган нарх бўйича сотилишини назорат қилувчи органлар билан бирга қатъий тартибга солиш, қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тасдиқланган дастурни амалга оширишни назорат қилиниши лозимлиги таъкидланди.