Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан туриб Афғон халқи келажаги учун барча мамлакатлар масъул эканини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутиши ва Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори эканини айтиб ўтди.
Давлат раҳбари БМТ Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарур экани ҳамда Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани қайд этди.
Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик алоқалари ўрнатилишидан Ўзбекистон манфаатдор экани таъкидланди.
Бундан ташқари, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти экани Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида айтиб ўтилди.
Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш экани Президент нутқида янгради.
“Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Афғонистон билан қўшни мамлакатларни афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашишга оид даъватини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга катта ҳисса қўшаётгани ва ушбу эзгу амалларни истиқболда давом эттириши Халқаро минбардан айтилди.