Ўзбекистон Республикаси Президенти америкалик ишбилармонлар билан учрашув ўтказди.
Шу муносабат билан, 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Нью-Йорк шаҳрида АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди.
Учрашувда Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, General Electric компанияси президенти Рон Полетт, Honeywell компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам, CNH Industrial компанияси вице-президенти Стивен Надерни, Dir and Company компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев Кэролин Лэмм билан суҳбатда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинганини қайд этиб, ушбу ҳужжат давлат бошқарувининг янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишга хизмат қилишини таъкидлади.
Президент шунингдек, мамлакатда валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидлади.
Рон Полетт билан мулоқотда Ўзбекистон билан General Electric компанияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, 2018-2025 йилларда Ўзбекистон газ транспорти тизимини техник янгилаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини амалга ошириш таклиф қилинди. Ушбу компания раҳбарияти билан Ўзбекистонда гидроэлектр станциялари қуриш, замонавий тиббий ускуналар ва ёритиш мосламалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Стивен Надерни билан суҳбатда CNH Industrial компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўрим-йиғим, мелиорация ва йўл қурилишида қўлланиладиган, газда ишлайдиган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Honeywell компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам билан суҳбатда ўзаро ҳамкорликда нефть-кимё ва энергетика соҳаларида юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, авиация ускуналарини етказиб бериш борасида фикр алмашилди.
Жеймс Филд билан мулоқот чоғида “Дир энд Компани” компанияси билан алоқаларни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик ва узумчиликда қўлланиладиган трактор ва махсус техника воситалари ишлаб чиқариш, уларнинг эҳтиёт қисмлари тайёрлашни маҳаллийлаштириш, соҳага ихтисослашган тренинг маркази ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми ўтказилишини таъкидлаб, ушбу форум икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришишда катта воқеа бўлишини таъкидлади.