...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёев Халқаро валюта фонди директори билан учрашди


08:36, 20.09.2017 Жамият
 2 127

Халқаро валюта жамғармаси молиявия ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташрифи доирасида БМТ сессиясида нутқ сўзлашдан ташқари, бир қанча учрашувлар ўтказиши режалаштирилган эди.
 
Ушбу учрашувлардан бири кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард билан бўлиб ўтди.
 
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
 
Жамғарманинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани май ойида Ўзбекистон делегацияси Халқаро валюта жамғармасида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича учрашув ўтказгани ҳамда июль ва сентябрь ойларида Жамғарма экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, вазирлик ва идораларда иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикр алмашганида яққол намоён бўлди.
 
Жамғарма директори Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришда Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти юксаклигини таъкидлаб, иқтисодий ва таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётгани билан Шавкат Мирзиёевни қутлади.
 
Жамғарма директори 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони валюта муомаласида бозор механизмлари жорий этилгани соҳадаги маъмурий тўсиқларни бартараф этгани ва бизнес вакиллари учун тенг шароитлар яратилганини юксак баҳолади.
 
Учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлигикни кенгайтириш, Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
 
Кристин Лагард учрашувдан кейинги баёнотида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
 
Баёнотда Лагард хоним “Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашганимдан ғоят мамнунман. Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу, аввало, яқинда амалга оширилган валютани тартибга солиш тизимидаги ўзгаришларга тегишлидир. Биз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, янада кўп иш ўринлари яратиш, барқарор ва комплекс тараққиётга эришишда муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз.
 
Мен Президент Шавкат Мирзиёевни қўшни мамлакатлар билан минтақавий ҳамкорликни яхшилашга доир ташаббуслари билан қутлайман. Минтақавий ҳамкорлик сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, самарали минтақавий энергетика тизимини яратиш ва транспортни ривожлантириш каби йирик муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим ўрин тутади.
 
Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни узоқ давом этади ва бу осон кечмайди. Мен иқтисодий ўсишнинг янада юқори суръатларига эришиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон билан қатъий ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлайман”, деган фикрлани билдириб ўтди.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:БМТ Шавкат Мирзиёев Кристин Лагард 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар