Қариялар, эмизикли болалар, имконияти чекланганлар борлиги каттаконларимизнинг хаёлларидан кўтарилган чоғи.
Келинг, гапни чўзмай, асосий мақсадга ўтсак. Учтепа туманининг “Истироҳат” маҳалласи 1, 2, 3 ва 4-тор кўчаларида 26 июнь куни соат 21:00 дан буён аҳоли “чироқсиз” ўтирибди. Бу ҳақда фуқаро Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали диктор Муслимбек Йўлдошев бизга мурожаат қилди. Унинг айтишича, мутасаддилар масалага жуда совуққонлик билан ёндашишган. Ҳаттоки, аҳоли туман ҳокимлигига ҳам мурожаат қилишган. Туман электр тармоқлари корхонаси таъмирлаш ишлари учун кран машинаси йўқлигини сабаб қилиб кўрсатган.
Фуқароларни ажаблантирган, аниқроғи, ғашига теккан нарса шу бўлганки, мутасаддилар ҳали ҳам қайси замонда яшаётганини англамаётгандек кўринган. Сабаби, бутун бошли туманда битта кран бўлмаса? Во ажаб! Ёзнинг иссиқ куни бўлса, қариялар, эмизикли болалар, имконияти чекланганлар борлиги амалдорларнинг хаёлларидан кўтарилган чоғи. Йўқса, бутун бошли маҳаллани электр энергиясиз қолдиришармиди?
Муаммога аниқлик киритиш мақсадида Учтепа тумани электр тармоқлари корхонаси билан боғландик. Гўшакни кўтарган ходим навбатчига мурожаат қилишимиз кераклигини айтди. Раҳбар эса мажлисда эканини қўшимча қилди (охирги вақтларда мажлисларни камайтириш учун мажлис қиладиганлар кўпайиб бормоқда).
Навбатчи кран айтилган манзилда таъмирлаш ишлари кетаётганини ва яқин 1 соат ичида ишлар якунига етишини билдирди. Айтилишича, кранни шаҳар бошқармаси навбати билан ажратар экан. Демакки, орадан бир кун вақт ўтса-да, Учтепа туманига навбат етмаган. Хўп, бу оддий техник тармоқдаги узилишдир. Бундан-да каттароқ муаммо келиб чиқса, нима бўлади? Кранга навбат кутиладими? Бутун бошли мамлакат Президент бошчилигида олға юряптию, буларнинг оёғида ҳали ҳам “тушов”.
Биз масъуллар билан боғланганимизда соат 17:05 эди. Электр энергияси соат: 18:45 да хонадонларга етказилди. Мутасаддилар айтган вақтдан 2 соату 30 дақиқадан сўнг чироқ ёнди. Мана, ишга, тартиб-интизомга бўлган муносабат, ИНСОНга муносабат: Йигирма соат кутганлар яна икки соат кутса, ҳеч нарса қилмайди!
Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Зукко ўқувчи англаган бўлса керак, улар хатти-ҳаракатлари билан ўзларининг “кимлиги”га аниқлик киритишди.