...
МЕНЮ
ONLINE TV

Поликлиникалардаги навбат: аввал кексалар кирсинми ёки ёш болали аёллар?


12:53, 12.04.2017 Жамият
 4 863

7 апрель куни Олмозор туманидаги 9-марказий поликлиникада эмлаш куни бўлди.

Оналар ҳар ойнинг белгиланган кунида боласини эмлаш учун ўз ҳудудига қарашли поликлиникаларга боради. Биз бу ҳолатни кузатиш мақсадида бир неча поликлиникада бўлдик. Ташриф чоғида жуда кўп ҳодисаларга гувоҳ бўлдик.
 
Жумладан, кексалар, ўрта ёшли ва бола кўтарган аёлларнинг шифокор эшигида навбатда туриши. Фикримизнинг исботи сифатида бир ҳолатни келтирамиз.

7 апрель куни Олмозор туманидаги 9-марказий поликлиникада эмлаш куни бўлди. Ёш она боласини кўтарган ҳолда турибди. Бола йиғлаяпти. У аёл кўрик учун навбат кутяпти. Бир кексароқ аёл келди-да, навбатсиз, бола йиғисига ҳам эътибор бермасдан, кириб кетди. Она боласини овутишга ҳаракат қиляпти, аммо уддасидан чиқолмаяпти. Кекса аёлга “мен биринчи келганман, устига устак, болам йиғлаяпти, биринчи кирай”, дейиш учун аёл кексалигининг ҳурмати гапиришга истиҳола қилди.
 
Барча ташкилотларда кексалар, ёш болали оналар ва ногиронларнинг навбатсиз қабул қилиниши барчамизга маълум.
 
Бола ҳали кичкина. У навбат асосида шифор кўригига киришини англаб етолмайди. Нима истаётганини тил билан айтолмасаю, йиғлаб безовта бўлса, навбат талашаётган кексалар ушбу ҳолатда бу ҳуқуқидан фойдаланиши ўринлимикин?
 
Хўш, бу каби ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?
 
Муҳтарам Президентимиз жорий йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган бир пайтда, нима учун одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила олмаяпти. Нимага оналаримиз боласининг йиғисини тўхтатиш чорасини излаб, қийналиб, яна тик оёқда туришни афзал билишяпти? Шифокорга ёки бош шифокорга эмлаш куни фақат болаларни қабул қилинглар деб, мурожаат этмаяпти? Ёки улар андишани шунчалик устун билишадими? Боласи қийналаётгани эвазига ўзларига шуни раво кўряптими? Ёки шифокорлар нега ушбу таклиф билан чиқишмайди? Ахир улар ҳам ишлашга қийналишади-ку. Ёки бу ҳолатдан манфаатдорми? Ваҳолангки, бурчак деворига ҳафтада қабул кунларининг тартибини осиб қўйишибди. Бу нима, фақат кўргазма учунми ёки текширувлар учун қилинган кўзбўямачиликми?


 
Ушбу масала бўйича Олий тоифали умумий амалиёт шифокори Ҳилола Манатова билан боғландик.
 
“Олдинлари бизда “Соғлом бола” хонаси бўлган. Болалар билан алоҳида шуғулланганмиз. Кейинги йилларда катталар ва болаларнинг ҳам жавобгарлигини оила шифокорига юклаб қўйишди. Ҳақиқатан ҳам, ишимиз оғирлашиб кетди. Бошқа касалларга келманглар, дейишга ҳаққимиз йўқ. Эмлаш кунларидаги қабул кунлари тартиби белгиланмаган. Шу боис, биз навбат асосида кирган беморларни кўрикдан ўтказамиз. Бу ҳол нафақат бизда, балки бошқа поликлиникаларда ҳам юз бермоқда. Биз ҳам, албатта, алоҳида “Соғлом бола” хоналари ташкил қилиб берилишини хоҳлаймиз. Шунда ишимизга анча енгиллик бўларди.
 
Тўғрисини айтсам, биз ҳам бош шифокорга ёки мутасадди ташкилотларга бу борада мурожаат қилмаганмиз. Чунки шу кунга қадар ҳеч бир она мазкур масала бўйича бизга шикоят қилмаган. Бурчак деворидаги қабул кунлари тартибига келсак, у профилактика, патронаж кунлари учун белгиланган”, дейди шифокор.
 
Ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотлардан тегишли жавоб ва ечим кутиб қоламиз.
Мадина Муҳаммадиева

Теглар:Шифокор Навбат эмлаш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар