Ички ишлар вазири бир йил ичида амалга оширилган ишларни қайд этиб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ўз ҳисоботида жорий йил давомида олиб борилган комплекс ишлар ўз натижасини берганини таъкидлаган.
Бобожоновнинг таъкидлашича, содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 минг 33 тага ёки 40,7 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 7 минг 599 тага ёки 40,7 фоизга камайишга эришилди.
Жумладан, қотиллик 57 тага ёки 23,5 фоизга, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 89 тага ёки 19,1 фоизга, номусга тегиш 76 тага ёки 76 фоизга, ўғирлик 2 минг 786 тага ёки 47,5 фоизга, талончилик 223 тага ёки 60,1 фоизга, босқинчилик 89 тага ёки 57,4 фоизга, транспорт воситаларни олиб қочиш 36 тага ёки 40,4 фоизга пасайган.
Республикада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида, бугунги кунга келиб, 4 минг 410 ёки қарийиб 50 фоиз маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Ички ишлар вазири ҳисоботида жиноят қидирув йўналишида 11 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 99,7 фоизи “изи совумасдан” фош этилишига эришилгани қайд этилган.
Республика ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 2 минг 445 нафари ушланган.
Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида 1 минг 234 та ноқонуний ҳолат аниқланган.
Ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши коррупция ва иқтисод соҳасида содир этилган 2 минг 204 та жиноят аниқланган.