...
МЕНЮ
ONLINE TV

Пискентлик Қулмат отанинг қўнғироғи ёхуд ўртада “сарсон бўлган” қабристон


20:38, 23.11.2017 Жамият
 8 297

“Чамбил” қабристонидан нафақат Пискент тумани аҳолиси, балки Олмалиқ шаҳрининг 3 та маҳалла фуқаролари ҳам фойдаланиб келган...

Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги “Намуна” номли қишлоқ фуқаролар йиғиниданман, деб ўзини таништирган Қулмат ота Холбоев таҳририятимизга қўнғироқ қилди.
 
Қулмат ота таҳририят бир масалада ёрдам бермасаларинг, аниқроғи бир англашилмовчиликни ёритиб, тегишли идоралар эътиборини жалб қилиб бермасаларинг бўлмайди, деб мавжуд муаммо тафсилотларига тўхталди.
 
Пискентлик Қулмат отанинг айтишича, “Намуна” фуқаролар йиғинида жойлашган “Чамбил” қабристонида майит қўйиш учун жой қолмаганлиги сабабли қабристон маълум муддат олдин “ёпилган” экан.
 
“Чамбил” қабристонидан нафақат Пискент тумани аҳолиси, балки Олмалиқ шаҳрининг 3 та маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам фойдаланиб келган.
 
Мурожаат эгасининг айтишича, “Намуна” аҳолисининг бу борадаги эҳтиёжини қондириш мақсадида 2017 йилнинг апрель ойида Пискент тумани ҳокими қарори билан қабристон учун ер ажратилади.
 
Аҳолининг ҳашар йўли билан бошланган хайрли иши натижасида қабристон махсус ҳимоя девор билан ўраб олинади ва фойдаланишга тайёр қилина бошлайди.
 
Аммо, орадан беш ярим ой ўтгач, қабристон учун ажратилган ер Пискент тумани прокуратураси томонидан “қабристон учун берилиши керак бўлмаган ер” деб топилади.
 
Қабристон сўзини эшитибоқ кишининг кўнглидан “алланималар” ўтади. Хаёл одамни “узоқларга” олиб кетади...
 
Қабристон қаерда бўлишидан қатъий назар урф-одатларимизга биноан, у ерда ётганлар ҳаққига дуо қилиб қўл очамиз. Юзимизга фотиҳа тортамиз.
 
Хўш, Қулмат ота куюнчаклик билан тилга олган бу мавзудаги хато кимдан ўтди?


 
Бу “нозик мавзу”дан ким қўрқмади?!
 
Балки қабристон учун ажратилган ер хусусида чиқарилган қарор нотўғри бўлгандир? Унинг қайсидир жиҳати қонун билан белгиланган тартиб-қоидаларга зиддир? Балки қарорни бекор қилиш бўйича протест нотўғри киритилгандир? Балки Қулмат ота муаммони ўз билганича талқин қилгандир...
 
Албатта буларнинг барчаси эҳтимоллар ва тахминлар. Негаки, биз бу борада журналистик суриштируви олиб борганимиз йўқ, шу билан бирга, бу ерда жиноят ва кимнингдир ҳуқуқлари поймол бўлаётганига шаъма қилмаяпмиз. Мақсад — бу ишга масъул бўлган ходимларни сергакликка чорлаш, жамоатчилик эътиборини шу ва шу каби бошқа муаммоларга жалб қилишдан иборат.
 
Қабристон масаласи ва унинг белгиланган тартибларда бўлиши барчамиз учун муҳим. Бунинг ижтимоий, диний, маънавий ва маданий аҳамияти катта. Негаки барчамиз бандамиз, тупроқдан кўтарилганмиз, тупроққа қайтамиз...
 
Билмадим, кимнингдир бу ишда айби борлиги аниқ, балки унинг замирида “бундай айбга” ундаган аллақандай манфаат ётган бўлиши ҳам мумкин. Бу ёғи бизга ҳозирча қоронғу. Жуда бўлмаса, бу ерда аллақандай англашилмовчилик бор...
 
Мен бирор бир тарафда туриб, иккинчи бир томоннинг ёнини олиш фикридан йироқман. Нохолислик билан ёндашиш — касбим этикетига зид. Таҳририятга мурожаат қилгунча Қулмат ота ҳам муаммога ечим излаб ўз сафдошлари билан бир нечта идорага “бош суққани” рост. Бироқ...
 
Биласизми, таҳририятга жуда кўп мурожаатлар бўлади... Кимдир ўзи “қовун тушириб”, ишдан ҳайдалиб, энди бошлиғидан “ўч олмоқчи” бўлади, яна бири нафақага чиқаётиб раҳбар унга зар чопони кийдирмаганига “аламидан чиқолмайди”, бошқа бири мавжуд тартиб-қоидага хилоф равишда уйининг ичига электрҳисоблагич ўрнатиб олиб, энергиядан “ўғринча” фойдаланади-ю, яна уялмасдан МИБ ходимлари устидан барча ташкилотлар қабулхонасига шикоят ёзади, ҳатто “БМТга ёздик” дейди оғиз кўпиртириб...
 
Хуллас, “шикоятпарастлик” касаллигига чалинган киши халқ учун, маҳалла учун қабристон масаласини кўтариб чиқмайди, деган қарорга келдим... Фикри ожизимча, Қулмат отанинг шикоятида “бир ҳақиқат” бор.
 
Биламан, ўз касбим масъулиятидан келиб чиқиб, биринчи навбатда, иккинчи томон — туман прокуратура вакиллари билан боғланиш керак бўлади. Мен айнан шундай қилдим...
 
Аввал Тошкент вилояти прокуратураси қабулхонасига телефон қилиб вазиятни тушунтирдим, улар “Матбуот билан ишлайдиган янги ходим келган”, деб унинг рақамини беришди. Минг афсуски, янги ходим билан боғлана олмадим...
 
Кейин Тошкент вилояти Пискент туманига қўнғироқ қилдим ва у туман прокурорининг ўринбосари билан гаплашдим.
 
Прокуратурада юристлар ишлайди, улар дарҳол телефонда бу мавзуни гаплашиб бўлмаслигини айтишди ва мен ҳам бўш келмай бу ахборот йиғишга бўлган ҳуқуқим эканлигини, касбим вазифаси (нохолисликка йўл қўймаслик учун) буни тақозо қилаётганини тушунтирдим.
 
Пискент тумани прокуратурасининг вакили раҳбар тадбирда эканлигини, бугун жавоб бера олишмаса, эртага албатта жавобини айтишини билдириб, телефон рақамимни ёзиб олди.
 
Бўлди, бу борада бошқа ҳеч ким билан ҳеч нарсани гаплашмадим...
 
Қўлга қалам олиб юқоридагиларни сиз қандай ўқиётган бўлсангиз худди шундай ҳолда ёздим.
 
Майли, нима бўлишидан қатъий назар, шу масалада, аввало, туман раҳбарияти, қолаверса, агарда бизни ўқишса, Тошкент вилояти ҳокимлиги раҳбарларидан “мавзу”га эътиборлироқ бўлиб, халқ муаммоси ҳал этилишида ёрдам беришларини сўраймиз.
 
Биз бугунги кўтарган мавзу билан ҳеч кимдан айб қидирмаймиз, масалага ҳам ҳозирча ўта жиддий масала деб ёндошганимиз йўқ, фақатгина вилоят мутассаддиларидан мавзу борасида ижобий ўзгаришларни кутиб қоламиз.
 
Эътиборингиз учун раҳмат! Биз мавзуга яна қайтамиз ва мутасадди раҳбарлардан муаммонинг ечимини, қонуний ечимини кутиб қоламиз...
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Тошкент вилояти Пискент тумани Қабристон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар