Ҳозирда жамоавий мурожаатлар портали ушбу муҳокамани илгари сурган.
Мазкур портал расман жорий йилнинг 20 апрелидан бошлаб ишга тушди. Бир ҳафта вақт мобайнида ушбу порталда долзарб муаммолар бўйича петиция эълон қилинмоқда.
Жумладан, “Мактабларда ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш ва бунга йўл қўйган шахсларга жавобгарлик белгилаш лозим” мавзусида мурожаат киритилган. Унда қуйидагича урғу берилган:
“Келажакда болаларимизнинг тоза виждон ва соғлом фикр эгалари ва ақл-идрокли бўлиб вояга етишлари учун умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини пул йиғиш каби иллатдан холи қилишда жонбозлик кўрсатайлик!”
Мазкур онлайн-петиция айни дамда 75дан ортиқ овоз тўплашга муваффақ бўлди. Овоз бериш 90 кун давом этади.
Мурожаат Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилиши учун у камида 10 мингта овоз тўплаши керак. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши кўриб чиқиши учун эса — камида 5000 овоз, туман ва шаҳар кенгашлари учун — камида 1000 та овоз тўпланиши зарур.
Маълумот ўрнида, “Менинг фикрим” портали давлат раҳбари ғояси бўйича қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида халқ депутатлари ва фуқаролар, аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва кўрсатмалардан кенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Бир гуруҳ фуқоролардан “Менинг фикрим” портали орқали келиб тушган барча таклиф ва мулоҳазалар Олий мажлис ёки халқ депутатлари кенгашлари томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилади.
Бу — қонуннинг ягона манбаси ва муаллифи халқ бўлиши лозим, деган устувор мақсаднинг амалга ошишига хизмат қилади.