Автомобилларни эътиборсиз қолдириш — жиноят содир этилишига имконият яратиш билан баробар!
Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи, муқаддам судланган, 1991 йилда туғилган Ш. А. Тошкент вилоятининг Паркент тумани “Чинор” шаҳарчаси Бирлик кўчасида эшиги очиқ қолган Nexia русумли автомашинани олиб қочади. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кўрилган чоралар натижасида, мазкур автомашина Оҳангарон туманидаги “Чинор” йўл-патруль хизмати постида Ш. А. бошқариб кетаётганида ушланди.
Автомашина техник соз ҳолда эгасига қайтарилгани маълум қилинган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнлари амалга оширилаётгани айтиб ўтилган.