
Франциядаги энг йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ташриф буюриб, бу ердаги туризм индустрияси иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш ниятида.
Самарқанд халқаро аэропортида меҳмонларни Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов бошчилигидаги расмийлар тантанали кутиб олди.
Шаҳар ҳокими меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, ассоциациянинг навбатдаги йиғилиши Самарқандда ўтказилишини қўллаб-қувватлаши ва бунинг учун барча имкониятлар яратилганини таъкидлади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва шаҳардаги сайёҳлик фирмалари Париж шаҳри билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Ilе de France ассоциацияси президенти Лионел де Робие Франциядаги сайёҳлик компанияларининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи давлатлар ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бу борада янги истиқболлар очишга хизмат қилишини қайд этди. Кутиб олиш маросимининг юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
– Самарқанд қадимий Буюк ипак йўлининг маркази, мўъжизавий шаҳар, – дейди Лионел де Робие. – Бу шаҳарга келиш ва унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ҳар бир французнинг орзуси ҳисобланади. Шунинг учун бугун Самарқандга Франциядаги энг йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ташриф буюриб, бу ердаги туризм индустрияси иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш ниятида. Ассоциациямизнинг навбатдаги йиғилишини ушбу тарихий шаҳарда ўтказиш эса биз учун улкан шараф.
Ташриф давомида ассоциациянинг йиғилиши ўтказилиши баробарида Самарқанд шаҳридаги туристик объектларга саёҳат, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг туризм имкониятлари бўйича тақдимотлари, маҳаллий туристик фирма ва компаниялар вакилларининг француз ҳамкасблари билан учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Меҳмонлар 2 апрель куни Бухоро шаҳрига саёҳат қилади.