Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони кўпайишда давом этмоқда.
Бугун, 8 октябрь куни дзюдо бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, гиламга чиққан тўрт нафар ўзбекистонлик дзюдочиларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди.
Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда Шерзод Намозов (-60кг) ва Ўткир Нигматов (-66кг) олтин, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса Лобар Ҳуррамова (-48кг) кумуш, Севинч Саллаева (-52кг) бронза медалларини қўлга киритди.
Шу тариқа, Ўзбекистон спорт делегациясининг Параосиё ўйинларидаги медаллари сони 11 тага етди. Уларнинг 7 таси олтин, 3 таси кумуш ва 1 таси бронза медалларидир.
Аввалроқ, Ўзбекистон делегацияси 5 та олтин, 2 та кумуш медалларни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Параосиё ўйинлари 13 октябргача давом этади.