Ўзбекистон делегацияси 54 нафар спортчи билан 77 та медаль қўлга киритди.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон делегацияси томонидан 77 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 35 таси олтин, 24 таси кумуш ва 18 таси бронза медаль. Ўзбекистон медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаб турибди.
Таъкидлаш жоизки, бугун, 13 октябрь куни ўзбекистонлик спортчилар мусобақаларда иштирок этмайди.
Қайд этиш жоизки, мазкур ўйинлар Ўзбекистон учун Параосиё ўйинларидаги энг яхшиси сифатида тарихга кирди. Чунки, бунгача ўзбекистонликлар ушбу ўйинларда бу қадар кўп медаллар жамғара олишмаганди. Ортда қолаётган ўйинларда медаллар сифати бўйича ҳам, сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилди.
Чунончи, Параосиё ўйинлари илк маротаба 2010 йил Гуанчжоуда бўлиб ўтган. Ўша мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 21 нафар спортчи билан иштирок этган. Якунда 6 та медаль қўлга киритилган (1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза).
Тўрт йил аввал Инчеон мезбонлик қилган Параосиё ўйинларида яққол юксалиш кўзга ташланган. Ўшанда Ўзбекистон шарафини 27 нафар параатлет ҳимоя қилган. Якунда 31 та медалга эга чиқилган (22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза).
Инчеондаги муваффақият орадан икки йил ўтиб Риодаги Паралимпия ўйинларида ҳам давом эттирилган. Ўшанда Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақада 32 нафар спортчи билан иштирок этган ва 31 та медаль билан ватанга қайтиб келганди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кучли ўнликка кирган жамоалар ўртасида энг кам спортчи билан айнан Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этган. Бу ҳам сифатга асосий эътибор қаратилганидан далолат.