“Панама архиви” номи остида кўплаб машҳур инсонларнинг офшор компаниялари ҳақидаги маълумотлар кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тузилмаси ходимлари компания биносида пул ювиш ва терроризмга алоқадор далилларни қидирдилар.
Панама прокуратурасининг маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда ОАВ орқали офшор компаниялар ва ноқонуний иқтисодий фаолият билан шуғулланишда воситачилик қилган Mossack Fonseca компанияси ҳақида кўплаб хабарлар тарқалди. Бу нарсанинг тасдиғини топиш мақсадида тинтув ишлари олиб бориляпти.
Юридик компания ноқонуний фаолият билан шуғулланганини инкор этмоқда.
Панама президенти Хуан Карлос Варела мамлакатнинг молиявий сектори қонуний фаолият олиб боришини таъкидлаб, унинг шаффофлигини янада ошириш учун ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди.
Эслатиб ўтамиз, Панама юридик фирмаси Mossack Fonseca архивида 11 миллион материал ва 2,6 терабайтлик маълумотлар мавжуд. Мазкур ҳужжатлар 1977 йилдан 2015 йилнинг декабрига қадар фирма фаолияти ҳақида гувоҳлик беради. Архив ҳужжатларда бир неча миллиард доллар маблағларнинг яширинча офшор қилингани ҳақида ёзилган.