Владимир Путин “Панама архиви” юзасидан айтган баъзи гаплари хато бўлиб чиқди.
Президент Путин мазкур саволга жавоб берар экан, Панама юридик фирмаси Mossack Fonseca’га тегишли ҳужжатларни биринчилардан бўлиб чоп этган Süddeutsche Zeitung немис газетаси АҚШнинг Goldman Sachs банкига тегишли эканлиги ҳақида айтиб ўтган эди.
Бугун Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков немис нашрининг АҚШ банкига тегишли эканлиги ҳақида Путин томонидан айтилган иддаолар учун узр сўради. Песковнинг айтишича, Президент Владимир Путиннинг мулоқоти учун маълумотлар тайёрлаган одамлар хатога йўл қўйган.
“Авваламбор, бу бизнинг хатомиз, аниқроғи, менинг хатом. Süddeutsche Zeitung ҳақидаги маълумотлар текширилмасдан Президентга етказилган. Бунинг учун биз немис нашридан узр сўраймиз”, дейди Песков.
Süddeutsche Zeitung нашрининг ижрочи директори Стефан Хильшернинг таъкидлашича, газета ҳеч қандай америкаликка тегишли эмас. Газетани Süddeutscher Verlag гуруҳи чоп эттиради.