Президент Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган сиёсати, давлат органларини халққа хизмат қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари АҚШда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бундан бир неча кун аввал, “Америка овози” телерадиоси журналистлари Малик Мансур ва Навбаҳор Имомованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари Мурожаатномаси ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тақдим этган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган сиёсати, давлат органларини халққа хизмат қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари АҚШда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Янги йил муносабати билан АҚШга борган АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен “Америка овози”да меҳмон бўлиб, журналист Навбаҳор Имомова билан суҳбат қурди.
Имомова элчи хонимга “бугунги Ўзбекистон ҳақида қандай фикрдасиз? Ҳозирги алоқаларни қандай таърифлайсиз? Энг муҳими, ҳар икки давлатда ҳам раҳбарлар ўзгаришидан олдинги аҳвол билан ҳозирги шароит қанчалик фарқли?”, деб юзланди.
Саволга Памела Спратлен қуйидагича жавоб қайтарди:
“Жуда долзарб саволлар. Ўзбекистонда иш бошлаганимга бу ой уч йил бўлади. 2015 йилнинг 27 январида Президент Каримовга ишонч ёрлиғи топширганман. Ўша давр билан таққосласам, ҳозирги вазият жуда бошқача. Энг катта фарқ — ҳозирги Ўзбекистон ғайратга тўла. Ўзгариш учун хоҳиш кучли. Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрнини тиклаш ва уни қандай ривожлантириш ҳақида самимий ва очиқ муҳокама кетмоқда. Жуда ҳаяжонли, қувончли давр. Ўзбекистондан олдин Қирғизистонда элчилик қилганман, ундан олдин Қозоғистонда элчи ўринбосари бўлганман.
Президент Мирзиёев лидер сифатида кўплаб минтақавий масалалар ечими томон жонбозлик қилмоқда. Муваққат президент сифатида 2016 йилнинг сентабрида қилган нутқида янгича қўшничилик сиёсати ҳақида гапириб, Ўзбекистон ёнидаги давлатлар билан алоқани мустаҳкамлайди, деган.
Бу жараён тезликда авж олиб, президент Туркманистонга борди, кейин эса Қозоғистонга ва бошқа давлатларга. Бош вазир ҳозир Тожикистонга бормоқчи... Бу Марказий Осиё билан ишлаб келаётган томонлар учун жуда қувончли. Минтақа катта потенциалга эга деб келганмиз ва мана энди буни минтақанинг ўзи исботлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳамма умидга тўла.
Марказий Осиё қўшни Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиришни бошлаган. Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларида ўзгаришлар катта. Президент Ғани ўтган ой Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олинди. Мен ўзим Президентларнинг зиёфатида қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Ажойиб ришталар. Президент Ғани Бухорога ҳам бориб, фахрий даража олди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири айни дамда афғон делегацияси билан музокарада.
Ўзбекистон, Марказий Осиё бўйлаб, қолаверса Афғонистон билан авж олаётган жараёнларга қарасангиз, 2015 йилдаги вазиятдан ер ва осмонча фарқни кўраяпман”.