Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигора, хонандалар Жасур Ғоипов ва Муниса Ризаева куйлаган қўшиқларнинг хориждан эгизаги топилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ва “Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш” номли рисоласида бугунги мусиқа санъатига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд камчиликлар, йўл қўйилаётган хатоларни танқид остига олади. Президент Ислом Каримовнинг куюнчаклик билан билдирган қуйидаги фикрлари бугунги кун санъаткорлари учун кундан-кунга долзарб бўлиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди.
“... агар инсоннинг қулоғи енгил-елпи, тумтароқ оҳангларга ўрганиб қолса, бора-бора унинг бадиий диди, мусиқа маданияти пасайиб кетиши, унинг маънавий оламини сохта тушунчалар эгаллаб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Охир-оқибатда бундай одам “Шашмақом” сингари миллий меросимизнинг ноёб дурдоналарини ҳам, Моцарт, Бетховен, Бах ва Чайковский каби дунё тан олган буюк композиторларнинг асарларини ҳам қабул қилиши қийин бўлади”.
Бундан бироз аввал 2015 йилда ўзбек шоу-бизнесида куйланган қўшиқларнинг айримлари хориж қўшиқларига ўхшашлиги ҳақида мақола чоп этган эдик. Анчагина шов-шувлар ва эътирозларга сабаб бўлган ушбу мақолани давом эттирган ҳолда, ўтган йил давомида яратилган яна бир нечта қўшиқларнинг хориждан топилган “эгизак”ларига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Навбатдаги рўйхат сизнинг ҳайратингизни ошириши турган гап.
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков – халқ орасида обрў-эътиборга эга, дилкаш наволари билан миллионлаб мухлислар орттиришга улгурган санъаткор. Ўтган йилларда унинг ижоди янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон халқи унинг “Истиқлол” санъат саройидаги бир неча кунлик концерт дастурини ҳар йили интиқлик билан кутади. Ўтган йили Назарбеков буюк шоир, шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари билан куйланган қўшиқлари жамланмасини тақдим этганидан хабарингиз бор. Улар орасида энг хит бўлган қўшиқ – “Лола”нинг мусиқаси ҳиндчадан кўчирилгани ҳақида жуда кўп миш-мишлар тарқалган эди. Бироқ, ҳеч ким бу миш-мишларни аниқ фактлар билан асослай олгани йўқ. Эътиборли муштарийларимизнинг хабар беришларича, “Лола”нинг мусиқаси ҳисдистонлик хонанда Пани Визхум Нилавунинг “Ненжае” номли қўшиғига икки томчи сувдек ўхшар экан. Бу тахминларга ойдинлик киритиш мақсадида қўшиқни youtube.com тармоғидан қидириб эшитдик ва Озодбек Назарбековнинг “Лола”си билан солиштириб кўрдик. Ҳақиқатан ҳам қўшиқлар бир-бирига жуда ўхшайди. Наҳот, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков кўчирмакашликка йўл қўйган бўлса? Қўшиқларнинг интернет тармоғига жойланган санасини текшириб кўрдик: Озодбек Назарбековнинг қўшиғи youtube.com’га 2015 йил 9 январда жойланган бўлса, Пани Визхум Нилавунинг қўшиғи эса 2013 йилнинг 27 июнида жойлаштирилган. (!)
“Кетаман дер” “Сабза ба ноз”га қариндошми?”
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг қўшиқларини кўчириб куйлаётган хорижлик хонандалар яна топилиб қолар деган мақсадда интернетдаги тафтишимизни тўхтатмадик. Хонанданинг “Кетаман дер” номли қўшиғи ўтган йилнинг энг тилга тушган қўшиқларидан бири бўлди. Интернет қурғурнинг айтишича, бу қўшиқнинг ҳам опаси ё синглисими билмадик, хуллас, яқин қариндоши бормиш. Аввалига ишонмадик. Бир вақтлар афғонлар, тожиклар ва эронлар томонидан куйланган форс тилидаги “Сабза ба ноз” номли қўшиқнинг турли даврларда куйланган талқинларини тинглагач, фактларни рад этолмай қолдик. Озодбек Назарбековнинг “Кетаман дер” номли қўшиғи тожикистонлик хонандалар Шабнам Сураё ва Жонибек Муродовнинг ва эронлик хонанда Ноош Афариннинг қўшиғидан айнан кўчирилган ёки унинг мусиқаси ўша қўшиқлардан ўғирланган, деган фикрдан йироқмиз. Таниқли бастакорлар ва мусиқа илмини чуқур эгаллаган мутахасисларнинг фикрича, қўшиқларнинг гармонияси ва мелодиясида ўхшашликлар кўп. Ритм ва аранжировка фарқ қилса-да, қўшиқнинг айрим қисмларида кўчирмакашлик кўзга ташлангандек бўлади. Биз бу ўринда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни ҳамда “Лола” ва “Кетаман дер” номли қўшиқларнинг аранжировкачиси Нодир Умаровни қоралаб, уларни ўғирликда айбламоқчи эмасмиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бу қўшиқларни тингловчилар жуда яхши кутиб олди. Гап исботсиз бўлмасин, десангиз Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Лола” ва “Кетаман дер” номли қўшиқларига ўхшаш қўшиқларни ҳавола этамиз.
“Илҳомланишми ёки кўчирмакашлик”
Озодбек Назарбековнинг қўшиқлари ҳақидаги мусоҳабамиз охирига етмай туриб, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигоранинг“Хавотирдаман” номли қўшиғи ҳам хориж эстрадасидан кўчирилганини айтиб қолишди. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековникига ўхшаш қўшиқлар топилиб тургандан кейин Ойбек ва Нигораники ҳам топилган бўлса бордир, деб яна интернетни сўроққа тутдик. Маълум бўлишича, хонандалар Ойбек ва Нигора ижросидаги “Хавотирдаман” номли қўшиқнинг айрим қисмлари испаниялик хонанда Ромео Сантоснинг “Llévame contigo” ва “Eres mia” номли қўшиқларига жуда ўхшайди. Биз мазкур масала юзасидан хонанда Ойбек Алимовга мурожаат қилганимизда, қўшиқ ўғирланмагани, аксинча, “Хавотирдаман” Ромео Сантоснинг қўшиқларидан илҳомланиб яратилганини айтди. Ойбек ва Нигоранинг “Хавотирдаман”и ва Ромео Сантоснинг қўшиқларини ҳам ўзингиз тинглаб, таҳлил қилингчи. Балки, сиз ҳам биз айтаётган ўхшашликни пайқарсиз.
“Жасур Ғоипов ва Энрике Иглесиаснинг қўшиғида фарқ йўқдек...”
Ёш хонанда Жасур Ғоипов ҳали ижодини бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, хорижий қўшиқларга мурожаат қилишга улгурган кўринади. Йўқса, унинг “Сенсиз” номли қўшиғи испаниялик хонанда Энрике Иглесиаснинг “El perdedor” номли қўшиғига ўхшамаган бўлармиди... Жасур Ғоиповнинг “Сенсиз”ини Энрике Иглесиаснинг “El perdedor”и билан таққослаш анча мушкул. Қўшиқдаги баъзи қисмлар шу қадар “санъаткорона” кўчирилганки, бир тинглашда уларни бир-бирига ўхшатмаслигингиз, аниқ. Ишонмасангиз, ўзингиз эшитиб кўринг.
Шунингдек, хонандалар Жасур Ғоипов ва Шаҳзоданинг “Super lady” номли қўшиғининг бошланиш қисми ҳам араб қўшиқларидан “Sidi Mansour”га жуда ўхшайди.
“Мунисанинг куни кўчирмакашликка қолдими?”
Хонанда Муниса Ризаева ҳам бу рўйхатимиздан четда қолмади. Унинг ўтган йил мухлислари эътиборига ҳавола этган “Сакраменто” номли қўшиғининг айрим қисмлари хориж эстрадасидаги тилга тушган қўшиқларга ўхшаб кетади. Мисол учун, қўшиқнинг бошланиш қисми америкалик хонанда Женнифер Лопеснинг “Let's get Loud” қўшиғига, баъзи қисмлари эса россиялик хонанда Вера Брежневанинг “Реальная жизнь” қўшиғига ўхшайди.
Биз юқоридаги ўхшашликларда хонандаларни айблаш, уларнинг номига доғ тушириш фикридан йироқмиз. Хонанда – қўшиқнинг ижрочиси. Кези келганда у ҳам айтаётган қўшиғининг мусиқаси ёки сўзи бирор қўшиқникига ўхшашини ёки айнан бир қўшиқдан ўғирланган бўлиши мумкинлигини билмай қолиши ҳам мумкин. Аксарият аранжировкачиларимиз эса бир неча қўшиқларнинг маълум қисмларини ўғирлаб, таниб бўлмас даражада янги қўшиқ яратиб беришаётгани ҳам айни ҳақиқат. Хўш, буни ижод деб бўладими? Нима учун айрим аранжировкачиларнинг ноинсофлиги учун хонанда жавоб бериши керак?
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбарияти ўтган йилдаги йиғилишларда ўзбекистонлик хонандалар хорижий қўшиқларни ўғирлаб куйлаган тақдирда, қўшиқлар радио ва ТВ эфирларида берилмаслигини айтган эди. Бирники мингга, мингники туманга деганларидек, айтилган гаплар, берилган панд-насиҳатлардан фойда чиқадиганга ўхшамайди. Бу масалага қонуний йўл билан чора кўриш фурсати етгандир, балки. Хулоса ўзингиздан!
Юқоридаги қўшиқлар бир-бирига ўхшаши тайин, лекин бир нарсага хайронман, халқ артисти бўлган инсон нега шундай чиройли қўшиқни "плагиати йўқмикан" деб ўйлаб кўрмаган бўлса, лекин Озодбек қўшиқни маромига етказиб ижро этган. қолган қўшиқларда унчалик чиройли ижро кўзга ташланмайди.
Сулаймон
10:18 03.02.2016
Куйлар угирланган.Жонли ижро йук.Лекин.халк артисти, хизмат курсатгаг артист унвонларига эга бу "санъаткорлар". Улар халкни узини чунтаги деб хисоб килишади.
NotImportant
15:57 10.01.2016
Aslida hammi horijlik qushiqchilar bizni otarjilardan kuchirishgan
Mirabdulla
04:19 10.01.2016
Agar o'g'irlik bilan yaratilgan qo'shiqlarni efirdan olib tashlashsa, efir anchagina siyraklashib qolsa kerak. Havaskor yulduzchalargina emas, el ardog'idagi xonandalarimiz repertuarlarida ham bunday qo'shiqlar serobgina. Radioto'lqinlarda ishlaydigan DJlarimiz ham ataylab qilganday bunday egizak qo'shiqlarni originalini va o'g'irlangan versiyalarini ko'pincha ketma-ket efirga uzatishadi. Faqat kim-kimdan o'g'irlagani biroz noaniq bo'lib qoladi holos. Umrboqiy qo'shiqlar har kuni yaratilavermaydi, bu aniq. Ammo o'g'irlikni tirikchilik manbaiga aylantirib olgan honandalarimiz televizor, radiolarimizni to'ldirib turishsa, ularning "Istiqlol" san'at saroyidagi konsertlarida zalnikim to'ldiradi. Chin qo'shiq shaydolarimi, yoki fonogramma va o'g'irlangan qo'shiqlar ishqibozlarimi.?
Rustamjon
03:38 08.01.2016
,,Lola '' qo'shig'ini ilk bor Bahrom Nazarov kuylagan edilar 2014- yil oxirida ammo biroz vaqt o'tar o'tmas Ozodbek N . Ijrolarida namoyon bo'ldi , muallif kim o'zi ? Tag'in musiqa ham ko'chirilgan bo'lsa uyatdan boshqa narsa emas.