“Qalampir.uz” таҳририяти жамоаси корейс футболчилари устидан ғалаба қозониши мумкин бўлган тахминий таркибни тузиб чиқди...
Ўзбекистон терма жамоаси олдида “сўнгги жанг” қолди. Мағлубиятларга ўрганиб қолган мухлислар сўнгги умидни Ўзбекистон–Хитой учрашувида ишлатиб бўлишганди.
Аммо, сабрли ўзбекистонлик мухлислар ҳатто чипталар ўз нархидан икки баровар (100 минг) қиммат бўлсада терма жамоа ўйинини стадиондан туриб кўришга ошиқмоқдалар. Қиммат чипталар, ўзингизга маълум, “қўлдан қўлга” сотиладиган чипталардир.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан тўлиб-тошиб келаётган футболнинг ашаддий мухлислари бугун ўзларини ё хафагарчилик, ё хурсандчиликдан тўхтата олишмайди, деб тахмин қиламиз... Учинчи тахминга эса хожат йўқ!
Албатта, биринчи ҳолатдан кўра иккинчиси ўзбекистонликлар учун ёқимлидек туюлади. Қиммат чиптанинг нархи эса жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритилгандан сўнг ёддан чиқиши ҳақиқатга яқин.
Шунинг учун бугун Ўзбекистон терма жамоасидан сўраладиган сўнгги мурожаатимиз шундан иборатки, кореялик футболчилар устидан ғалаба қозонилиши шарт! ФАҚАТ ВА ФАҚАТ ҒАЛАБА, бундан бошқа натижа ҳеч кимни қониқтирмайди!
Футбол ишқибозлари ҳатто бош мураббий Самвел Бабаяндан ҳеч қандай тактика ёки мураббийлик вазнини кутмай қўйишди. Аксарият ҳолларда унинг бор ёки йўқлиги энди ҳеч кимга қизиқ ёки муҳим эмас. Асосийси футболчилар юрагида истак илинжи бўлса етади. Қолганини пешонадан кўрамиз...
Албатта, Хитойдаги мағлубиятдан сўнг мухлисларни бугун кимлар асосий таркибда майдонга тушаркин, яна таркиб танлашда қандай хатолар бўлади, деган савол қизиқтираётган бўлиши мумкин.
Ишонамизки, биз футболда мураббий бўлиб ишламаган бўлсакда, аммо футболни мантиқан тушунамиз ва тахмин қила оламиз.
Балки шу сабаб асносида “Qalampir.uz” жамоаси корейс футболчилари устидан ғалаба қозониши мумкин бўлган тахминий таркибни тузиб чиқди.
Унга кўра, дарвозани Игнатий Нестеров ҳимоя қилади ва Ўзбекистонда футбол спорти қаҳрамони бўлиш учун бор кучини ишга солади. Ҳар ҳолда унга ишонч билдирамиз.
Ҳимоя чизиғига Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Даврон Ҳошимов ва жаҳон чемпионатига чиқишни энг кўп истаётганлардан бири Виталий Денисовлар майдонга тушишсин.
Ярим ҳимояда Одил Аҳмедов, Фозил Мусаев, Сардор Рашидов, Элдор Шомуродов майдонга тушса яхши бўларди.
Сервер Жепаров эса ўйиндан олдин дарвозага тўғри зарба йўллашга ваъда берсин!
Ҳужум чизиғи, яъни гол урилиши керак бўлган футболчиларнинг ўрни бўлиб, бу нуқтани терма жамоада гол уришни қойиллатадиган — Александ Гейнрих илк дақиқалардан тўлдирсин!
Агар Гейнрих чарчаб қоладиган бўлса, Темурхўжа Абдуҳолиқов заҳирадан ёки Элдор Шомуродов ягона ҳужумчи вазифасини бажарсин.
Нима бўлишидан қатъий назар, бугун қандай таркиб ёки тахмин билан бўлсада, биз фақат бир сўзни баралла айтишга тайёрмиз — ҒАЛАБА!!!
Таҳририятимиз Ўзбекистон терма жамоасига муҳим ўйин олдидан юксак ишонч ва омад тилаб қолади!
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон–Жанубий Корея учрашуви маҳаллий вақт билан соат 20:00 да “Бунёдкор” стадионида старт олади.