Президентимиз Ислом Каримов 1993 йилги БМТнинг 48-сессиясида илк марта иштирок этиб, жаҳоннинг бошқа мамлакатларидан келган вакиллар олдида чиқиш қилган эди.
Бугун БМТга аъзо бўлиб кирганимизга 24 йил тўлди. Хўш, қарийб чорак аср давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида қандай ишлар амалга оширилди, нималарга эришилди?
Президентимиз Ислом Каримов 1993 йилги БМТнинг 48-сессиясида илк марта иштирок этиб, жаҳоннинг бошқа мамлакатларидан келган вакиллар олдида чиқиш қилган эди.
Ўзбекистоннинг БМТ фаолиятидаги иштироки бу ташкилотнинг 50 йиллиги муносабати билан Бош Ассамблеянинг 50-сессияси махсус тантанали йиғилишида республикамиз раҳбари Ислом Каримовнинг нутқ сўзлаши билан янги босқичга кўтарилди. Ушбу нутқда БМТ тузилмаларини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор, жумладан, Германия ва Япония сингари давлатларни Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзолар сифатида киритиш, Бош котиб ваколатларини кенгайтириш, халқаро минтақавий ташкилотлар билан БМТ алоқаларини кучайтириш таклифлари киритилди.
БМТ фаолиятининг энг муҳим йўналиши дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, тинчликка таҳдидларнинг олдини олишдир. Давлатимиз томонидан юритилаётган тинчликпарвар сиёсат ташкилот олиб бораётган эзгу интилишларга таянч бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Президент Ислом Каримов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентабрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилиши бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди.
Ўтган 24 йил ичида БМТнинг бир қатор Бош котиблари Ўзбекистонга ташриф буюрган. 2002 йилнинг октябрь ойида ўша пайтдаги ташкилот Бош котиби Кофи Аннан юртимизга келган эди. 2010, 2015 йилларда БМТнинг ҳозирги Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимиз раҳбарияти билан бир қатор масалаларда фикр алмашди.
Ҳозирда мамлакатимизда БМТнинг қатор таркибий тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ваколатхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатлар босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, гиёҳвандликка қарши кураш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва бошқа масалалар бўйича Ўзбекистон олиб бораёт сиёсат БМТ томонидан доим юқори баҳоланади. Мамлакатимиз ташкилотнинг Марказий Осиёдаги энг яқин ва муҳим ҳамкори ҳисобланади.