Тошкентда бўлиб ўтган Осиё очиқ чемпионатида ўзбекистонликлар 10 та олтин медалга эга чиқишди.
Осиё қитъасининг ўн бешга яқин давлатидан юздан ортиқ спортчи иштирок этган мусобақа кеча, 12 ноябрь куни ўз якунига етди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Осиё очиқ чемпионати мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 10 та олтин, 7 та кумуш ва 13 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Чемпионат баҳсларида Рамазон Темиров, Олимжон Нормуродов, Муҳиддин Мамажонов, Жаҳонгир Жумаев ва Ботирбек Хўжабеков олтин медални қўлга киритишган бўлишса, Ҳусниддин Сатторов, Ғиёсиддин Жамолиддинов, Элбек Эшмуродов, Салоҳиддин Иброҳимов, Илғор Асадовлар кумуш, Шаҳбоз Турсунов, Равшан Абдулазизов, Алпомиш Қурбонназаров, Элдор Сулаймонов, Ҳасан Бозоров, Баҳром Маҳмудов каби спортчилар бронза медалларига сазовор бўлишди.
Хотин-қизлар ўртасида ўтган беллашувларда Зарина Олимжонова, Мафтуна Қувондиқова, Шоҳида Раҳимова, Шаҳноза Низомова, Мадина Эргашева ўз вазн тоифаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Нозима Умарова ҳамда Робия Қўчқорова иккинчи, Мафтуна Ёдгорова, Севара Мардонова, Ҳилола Каримова, Дилафруз Турсунбоева, Мафтуна Эсонова, Зилола Тешаева ва Наталия Қодирова учинчи ўриндан жой олишди.
Шу тариқа, Осиё очиқ чемпионати мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаб, турнирни муваффақиятли тарзда якунлади.