“Саломатлик–2020” доирасида Ўзбекистонга дори-дармон воситалари етказиб берилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Венгриянинг Будапешт шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг 67-сессиясида иштирок этиш учун жўнаб кетди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
ЖССТ сессияси 11–14 сентябрь кунлари давом этади.
Хабарда сессия кун тартибига Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якабнинг 2016–2017 йилларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи, ЖССТнинг 2019–2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, “Саломатлик–2020” сиёсатини амалга ошириш, Европа минтақавий бюросига аъзо давлатлар ўртасида дори-дармон таъминоти билан боғлиқ алоқаларни яхшилашга доир бир қатор долзарб масалалар муҳокамаси киритилганлиги айтиб ўтилган.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 2012 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган йиллик сессиясида унга аъзо 53 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам “Саломатлик–2020” стратегиясини қўллаб-қувватлаган эди.
“Саломатлик–2020” стратегияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда ушбу стратегияни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.