Ижтимоий тадқиқотда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 12-16 ёшли ўғил-қизлар иштирок этган.
Тадқиқотдан мақсад Ўзбекистонда бола тарбияси, ўсмирларнинг фойдали меҳнатга жалб этилиши, уларнинг ватанпарварлик туйғусини оширишда оиланинг ролини аниқлаш эди. Бу ёш авлоднинг руҳий, маънавий камолотида оила, жамият ва таълим даргоҳи ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ижтимоий тадқиқотда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 12-16 ёшли ўғил-қизлар иштирок этган. Унда қатнашганларнинг аксарияти ота-она иштирокидаги оилада камолга етаётганини билдирган. Бу ҳолат ўсмирларнинг маънавий-интеллектуал ва жисмоний камолотига сезиларли таъсир этиши, уларнинг ҳаётий ва таълим олишдаги эҳтиёжлари қондирилиши, умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбияланишида етакчи омил экани кўрсатилган.
Тадқиқот жараёнида ота-оналар фарзандларининг муаммолари, ўқиши, ўқишдан ташқаридаги ишларига қизиқишлари, ғамхўрлик қилишлари ўрганилган. Иштирокчилар оиласидаги муҳит, тартиб-қоидалар, ота-оналарининг ўзаро муносабатларини ўзларига намуна, деб ҳисоблайди.
Тадқиқот доирасида ўсмирларнинг ўқув даргоҳига муносабати, баҳолаш тизими, ўқитувчилар билан муомаласи, таълим масканидаги ўқув-тарбиявий жараён ҳам ўрганилган. “Мактабингизни яхши кўрасизми?” деган саволга уларнинг 90,9 фоизи ижобий жавоб берган. Сўров натижалари ёшларнинг ўз мактабини қадрлаши ва яхши кўриши, мактабдаги билим, ҳаётий кўникма ва малакалар уларнинг келажагига пойдевор бўлишини кўрсатди. Мактаб вақтни мазмунли ўтказиш маскани экани ҳам эътироф этилган.
Ўзбекистон ўсмирлари ўқишни ҳаётий зарурат, деб ҳисоблайди. Коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттиришни истайди.
Тадқиқот жараёнида ўсмирларнинг мақсад ва интилишлари ҳам ўрганилди. Ўрта ва юқори синф ўқувчиларининг деярли ҳаммаси, яъни 97,7 фоиз ҳаётдаги мақсади ва келажакдаги режаларини белгилаб олган.
Ҳар икки ўқувчидан бирининг ҳаётдаги идеали, қаҳрамони уларнинг ота-онаси экани аниқланди. Ўзбекистон ўсмирлари ўқитувчилари, таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари, фан ва маданият намоёндаларига ўхшашни истайди. Иштирокчиларнинг ўндан бири спортчи ва тиббиёт ходимларига меҳр қўйган.
Ёшларнинг аксар қисми ўзларини ватанпарвар, деб билади. Уларнинг фикрича, Ватанга муҳаббат унга хизмат қилиш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, аждодлар меросини асраш, тарихи ва маданиятини билиш демакдир. Ватанни севишнинг энг олий кўриниши – уни ҳимоя қилишга ҳамиша шай туриш, деб ҳисоблайди.
Ижтимоий сўров оила ва оилавий қадриятлар жамият, маънавият, миллий анъана ва урф-одатларнинг негизи эканини яна бир бор исботлади. Ўсмирларнинг 93,7 фоизи оила энг севимли ва яқин инсонларнинг иттифоқидир, дея хулоса берган. Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда замонавий фикрловчи, ҳаётга муҳаббати кучли, аниқ мақсадли ва энг асосийси, ўзига ишонган янги авлод шаклланаётганини кўрсатди.