Ижтимоий тармоқларда хотинининг бу алфоздаги суратини кўрган эркак қандай ҳолатга тушганини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя. Телефонлар оиламиз тинчлигига даҳл қилаётганини қачон тушуниб етамиз?
Гап шундаки, ёш жувон ижтимоий тармоққа боласини эмизаётган ҳолат акс этган суратни жойлаштирган. Аёлнинг турмуш ўртоғи бу суратларни кўргач, унга пичоқ билан ташланиб, танасининг бир неча қисмига жиддий жароҳат етказган. Шундан сўнг, аёл эри томонидан етказилган жароҳатларни суратга олиб ижтимоий тармоққа жойлаштирди. Суратлардан кўриниб турибдики, аёлнинг аҳволи у қадар яхши эмас. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг аксарияти бу ҳолатда ёш келинчакни айблашмоқда.
Сўнгги вақтлар уяли алоқа телефонлари, ижтимоий тармоқлар эр-хотин ўртасида охири йўқ можароларнинг келиб чиқиши, маҳалла кўй, қўни-қўшни олдидаги шармандагарчиликларга, охир оқибат гулдек оиланинг жар ёқасига келиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бугун келинлар сепига биринчи бўлиб уяли алоқа телефони солиняпти. Таълим ва тарбия бериш ўрнига, зеб-зийнатга ружу қўйиш ўргатиляпти. Бошимиз бориб деворга урилганида, қанчадан-қанча оилалар ажрашиб, норасидалар етим қолаётганда эса аттанг қиламиз.
Оила – муқаддас даргоҳ! Унинг эртасини қандайдир матоҳлар, кўнгилхушликлар ҳал этмаслиги керак. Сўнгги хулоса ўзингиздан...