Туркия сафари Ўзбекистон делегацияси учун самарали бўлди.
Кеча мусобақада қатнашган спортчилар Ўзбекистонга қайтиб келдилар. Уларни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раҳбарлари, спортчиларнинг яқинлари кутиб олди.
“Мусобақадаги таассуротларим жуда ҳам яхши. Бундай нуфузли мусобақада илк маротаба финалгача етиб бордим. Тўғриси, олтин медални қўлга киритиш истагим катта эди. Ўзбекистонга олтин медаль олиб келишни жуда истагандим. Бу борада озгина тажриба етишмади ва мағлуб бўлдим. Кумуш медаль билан кифояландим. Худо хоҳласа кейинги сафар олтин медални қўлга киритиб қайтамиз. Турнир давомида Хитой Тайпейи, Австрия каби мамлакатлар вакилларига қарши жанглар бироз қийин ўтди. Кейинги мусобақаларда ушбу кумуш медаль менга ўзига яраша куч беради. Насиб қилса, навбатдаги медаль олтин бўлади”, деди совриндор Баҳринисо Бабаева.
Сафар Ўзбекистон делегацияси учун самарали бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарияти Эрон, Озарбайжон ва Туркия каби мамлакатлар каратэ федерацияси раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар. Унга кўра, ушбу мамлакат вакиллари юртимизга келиб мастер-класс ташкил қиладилар. Шунингдек, терма жамоалар қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
“Спортда авваламбор машаққатли меҳнат керак бўлади. Мусобақага жиддий тайёргарлик кўргандик. Озроқ техник хатолар сабабли мусобақада совриндорлар сафида бўла олмадим. Энди навбатдаги мусобақага янада қаттиқ тайёргарлик кўриб, Ўзбекистонга олтин медаль билан қайтаман. Олдинда ҳали яна иккита мана шундай мусобақа турибди. Шунингдек, Осиё чемпионати, Осиё ўйинлари каби турнирлар бизни кутиб турибди. Навбатдаги мусобақаларга янгича тактикалар ишлаб чиққан ҳолда юртимиз байроғини кўкларга кўтаришга ҳаракат қиламиз. Насиб қилса, кейинги сафар олтин медаль билан ватанга қайтамиз.
Туркияда ҳам ҳудди аввалги рақибларга қарши жанглар ўтказдик. Мусобақада дунё рейтингидаги кучли 64 нафар спортчи иштирок этади. У ердаги деярли ҳар бир спортчи билан 3-4 маротаба беллашганман. Мусобақа учун рақибим пухта тайёргарлик кўриб, жанг услубимни ўрганиб олган экан. Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни қаттиқ кетмоқда. Йил давомида ҳозиргача еттита мусобақада иштирок этдик. Турнирлар давомида турли услубларни ишлатдик. Ҳали Осиё ўйинларида муносиб иштирок этамиз. Ишлаб чиқилган дастур асосида Осиё ўйинларига тўлиқ тайёр бўламиз”, деди Садриддин Сайматов.