Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилишида энг юқори хавфсизлик стандартлари ва қатъий экологик талабларга риоя қилинади.
“2020 йилда биринчи пойдевор қуйишни режалаштирмоқдамиз”, - дейди Мирзамаҳмудов “Правда Востока” газетасига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда 5 та майдон – Жиззах ва Навоий вилояти чегарасидаги ҳудудларда тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзатом” раҳбарининг сўзларига кўра, ҳар бир майдонда метеостанциялар ўрнатилади. Геологик тадқиқотлар ўтказилиб, тупроқнинг зичлиги, ер ости сувлари даражаси текшириб чиқилади.
“Бир майдон танлангандан сўнг, жамоат фикри ўрганиш мақсадида фуқаролар, жамоатчилик, МАГАТЭ фикри ўрганилади. Шундан сўнг, АЭС қурилиши ва эксплуатация бўйича майдонга лицензия олиш учун хулоса тайёрланади”, - дея қўшимча қилди Мирзамаҳмудов.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков лойиҳанинг қиймати 11 миллиард доллар атрофида, биринчи энергоблок 2028 йилда ишга туширилиши керак, деганди.
Россия президенти Владимир Путин 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида, Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилишида энг юқори хавфсизлик стандартлари ва қатъий экологик талабларга риоя қилинишини маълум қилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев октябрь бошида АЭС қурилиши инқилобий қарор эканлиги ва уни амалга ошириш учун 8-10 йил муддат зарурлигини таъкидлаб ўтганди.
Маълумот учун, сентябрь бошида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари Абдулла Арипов ва Дмитрий Медведев Ўзбекистон ҳудудида АЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимни имзолаганди.
“Росатом” ВВЭР-1200 реакторли қурилма “3+” авлодига тегишли иккита энергоблокдан иборат бўлган мажмуа барпо қилишни режалаштирилмоқда. Битим октябрь ойида кучга кирди.