“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон хотин-қизлари – 2016: ижтимоий ҳолат ва кайфият” мавзуида сўров ўтказилди.
Сўров давомида жамиятимизда хотин-қизларнинг роли муттасил юксалиб бораётгани, давлат ва жамият қурилишида фаол иштирок этаётгани аниқланди. Тадқиқотда қатнашганларнинг аксарияти (87,2 фоизи) шундай фикр билдирган. Бу мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг давлат ва жамиятнинг замонавий жараёнларига интеграциялашуви ошганидан далолат беради.
“Ижтимоий фикр” мониторингида хотин-қизларнинг фуқаролик ва ижтимоий фаоллиги юқорилиги ҳам аниқланди. Натижалар шундан далолат берадики, улар давлат ҳаётининг барча жабҳаларида янада фаол иштирок этмоқда. Сўров қатнашчиларининг аксарият қисми (89,3 фоизи) хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес, шунингдек, маданият ва санъат (86,5 фоиз), таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот (81,5 фоиз) соҳаларида хотин-қизлар фаол иштирок этаётганини таъкидлаган.
Тадқиқот давомида иштирокчилар яқин йилларда жамиятимиз ва умуман, мамлакатимизда хотин-қизларнинг роли қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди. Уларнинг кўпчилиги (70,7 фоизи) келажакда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг мавқеи ва ўрни изчил ошишига ишонади.
Сўров натижалари Ўзбекистон хотин-қизлари (94,9 фоизи) ўз ҳаёти мисолида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини амалга ошириш жараёнида ижтимоий қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаган.
Мамлакатимиз хотин-қизлари ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишидан ишончли ҳимоя қилинган. Уларнинг 94,2 фоизи мустақиллик йилларида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқи тўлиқ таъминланаётганини қайд этган. Бу борада улар таълим, меҳнат, малакали тиббий ёрдам олиш соҳасида ўз ҳуқуқлари ҳимояланганини, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ҳаёти ва бошқа соҳаларда иштирок этишни фаоллаштириш чораларини юқори баҳолаган.
Сўровда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданият даражаси ҳам юқорилиги аниқланди. Иштирокчиларнинг аксарият қисми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳияти билан танишиб чиққан, ҳар тўртинчи иштирокчи Бош қомусимиз матнини батафсил ўқиган. Уларнинг қарийб 40 фоизи ўзининг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида бу борада эълон қилинаётган ахборотни кузатиб бормоқда, ҳуқуқий ва бошқа адабиётларни ўқиб ўрганмоқда.
Сўров натижалари Ўзбекистон хотин-қизлари меҳнат қилиш ва бунинг учун маош олиб, оиласи фаровонлигига ҳиссасини қўшаётгани ва бунинг самарасида оилада, жамиятда юксак ижтимоий мавқега эга бўлаётганини яхши англашидан далолат беради. Тадқиқот давомида хотин-қизларнинг 70,4 фоизи меҳнат қилишга ва зарур бўлса, яна ўқиб янги касб эгаллашга тайёр эканини билдирган.
Аёлларнинг ижтимоий ҳолати ва кайфияти уларнинг ижтимоий-психологик ҳолатининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Сўров қатнашчилари ижтимоий кайфияти барқарорлиги билан ажралиб туради, улар ҳаётдан мамнунлик ва хотиржамлик ҳиссини намоён этди.
Хотин-қизларнинг ҳаётдаги асосий мақсадларини таҳлил қилиш давомида уларнинг ижтимоий кайфияти юқорилиги аниқланди. “Ўзингизни бахтли деб биласизми?” деган саволга уларнинг аксарияти ижобий жавоб қайтарган.
Бундан ташқари, иштирокчиларнинг 82,1 фоизи ҳаётда ўз мақсадларига эришиши, салоҳиятини рўёбга чиқаришига ишонади ва бунинг учун барча шароит яратилганини таъкидлаган. Бу бугунги Ўзбекистон хотин-қизларининг ижтимоий кайфияти юқорилигидан далолат беради.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, жамиятимизда қарор топган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик, оиласи ва яқинларининг хотиржам ҳаёт кечираётгани, танланган соҳасида меҳнат қилиши, ўзи ва фарзандлари эришаётган муваффақиятлар хотин-қизларнинг аксарияти учун фаровон ва барқарор келажакка ишонч бағишлайдиган асосий омиллар ҳисобланади.