Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилиш таклифини берди.
Мустақиллик йилларида тиббиёт соҳасида эришилган ютуқлар, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янги босқичга кўтариш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар, оналар ва болалар саломатлиги маласига тўхталган давлат раҳбари, бу соҳада камчиликлар ҳам етарли эканини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар саломатлиги масаласига алоҳида тўхталар экан, фақат аёллар учун хизмат кўрсатадиган поликлиникалар ташкил этиш бугунги замон талаби эканини айтиб ўтди.
“Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар маласида сўз юритар экан, тиббиёт ходимларининг жамият ҳётида тутган ўрни ҳақида ҳам гапириб ўтди:
“Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”.