2 сентябрга қадар сотилган товарлар (хизматлар) бўйича чет эл валютасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аввал сотилган товарлар (хизматлар) бўйича хорижий валютада ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширилиши мумкинлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган. Бу ҳақда Марказий банк Матбуот хизмати хабар берди.
Мурожаатларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни маълум қилди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.
Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида товарлар (хизматлар) учун хорижий валютада тўловларни амалга ошириш таъқиқланган. Бироқ халқаро тажрибага мувофиқ халқаро тўлов карталари орқали амалга ошириладиган тўловлар бундан мустасно эканлиги айтиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 4-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмаслиги ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилиши ҳақида айтиб ўтилган.
Ушбу меъёрига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 сентябрдаги Фармонида мамлакат ҳудудида чет эл валютасидаги тўловларни амалга оширишни таъқиқловчи тартиб ўрнатилган.
Ушбу Фармон чиққунига қадар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида мамлакат ҳудудида чет эл валютасида сотилган товарлар (хизматлар) бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширилишида татбиқ этилмаслигини маълум қилинган.
Шундан келиб чиқиб, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида мамлакат ҳудудида Президентнинг 2 сентябрдаги Фармони чиққунига қадар сотилган товарлар (хизматлар) бўйича чет эл валютасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга йўл қўйилади.
Бунда, Фармон эълон қилингунга қадар сотилган ва мижозлар томонидан Фармон чиққанидан сўнг товарларни (хизматларни) қайтариш ҳолатлари юз берганда, мижозларнинг танловига кўра, маблағлар чет эл валютасида ёки маблағларни қайтариш амалга оширилаётган кундаги Марказий банкнинг чет эл валютасининг сўмга нисбатан эълон қилинган курси бўйича миллий валютада берилиши мумкин.
Тижорат банклари хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юқоридаги Фармон чиққунига қадар чет эл валютасида сотилган товарлар (хизматлар) бўйича маблағларни ҳисоб-рақамларга кирим қилиш ва пул маблағларини ўтказишни қўшимча бюрократик тўсиқларни яратмасдан амалга оширишлари айтилган.