Келажакда пенсия тизимининг мувозанатига бир қатор омиллар салбий таъсир этиши мумкин.
Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, пенсия тизимининг мувозанатига қуйидаги бир қатор омиллар салбий таъсир этиши мумкин:
биринчидан, бадалларни тўловчиларнинг пенсия олувчиларга нисбатан анча камлиги пенсия тизимининг барқарорлиги мезонини таъминлашга таъсир кўрсатади, бунинг оқибатида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоиздан кўпроғи ижтимоий суғута тизими билан қамраб олинмай қолади;
иккинчидан, пенсия таъминотининг рағбатлатлантирувчи ва шаффоф механизмлари йўқлиги пенсия миқдори ва тўланаётган ижтимоий ажратмалар суммаси ўртасидаги боғлиқликнинг заифлашувига олиб келди;
учинчидан, пенсия ёшидаги шахслар улуши ортиб бораётганлиги кузатилмоқда, охирги даврларда ёшга доир тайинланган пенсиялар сони бир йилда 200 мингтадан ортди;
тўртинчидан, совет даврида белгиланган пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ёш, жамиятдаги ижтимоий барқарорлик ва узоқ умр кўриш ёшининг ортиши натижасида бошқа давлатларга нисбатан энг паст бўлиб қолмоқда.
Шу муносабат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепциясини маъқуллаш таклиф этилмоқда:
биринчидан, қуйидаги йўллар билан фуқароларнинг ижтимоий суғурта тизимида иштирок этишини рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш:
пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг чекланган миқдорини ЭКИҲнинг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш, бу тартибни аввал тайинланган пенсияларга ҳам татбиқ этишни кўзда тутиш;
эркаклар учун 35 йил, аёллар учун 30 йилдан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида пенсияларга устамалар тўлаш орқали пенсия миқдорларини ошириш;
54 ёшидан пенсияга чиқиш ҳуқуқи бўлган аёллар умумий белгиланган ёшда пенсия расмийлаштирган тақдирда уларнинг пенсияларига ЭКИҲнинг 10%и миқдорида устама белгилашни жорий этиш;
иккинчидан, қуйидаги тарзда ижтимоий адолатни таъминлаш чора-тадбирларини:
барча ишловчи пенсионерларга меҳнат фаолияти даврида пенсия тўловларини тўлиқ олиш ҳуқуқини бериш;
зарур меҳнат стажига эга бўлмаган кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тўланаётган нафақа миқдорида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа тайинлаш механизимини жорий этиш;
қариялар уйи (пансионат)да яшовчи ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларга тайинланган пенсия миқдорининг 50%и тўлаш ҳуқуқини белгилаш;
учинчидан, қуйидагилар воситасида, шу жумладан жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида фуқароларнинг ихтиёрий иштирок этишини рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш:
пенсия ёшига етган, бироқ зарур меҳнат стажига эга бўлмаган шахсларга пенсия ҳисоблашда ҳар бир етишмаётган ой (давр) учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида суғурта бадалларини тўлаш ҳуқуқини бериш;
ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлари ҳисобидан ишламаётган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ҳар бир ой учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча суғурта бадаллари тўлаш ҳуқуқини бериш;
жисмоний шахснинг жамғариб бориладиган ҳисобрақамига ўтказиб бориладиган маблағлар ҳисобидан жозибадор оралиқ бонусли пуллик тўловлар схемаларини қўллаш;
тўртинчидан, қуйидагиларни назарда тутадиган пенсия таъминоти тизимини шакллантириш:
пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал стажни 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич бир йилдан ошириб, уни 10 йилга етказиш;
халқаро амалиётни чуқур ўрганган ҳамда МДҲ мамлакатлари тажрибасини таҳлил қилган ҳолда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш.
Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини янада ислоҳ этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ўрганиш бўйича ишчи комиссия ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Ишчи комиссия:
алоҳида тоифадаги фуқароларнинг пенсияларига қўшимча ҳақлар ва асоссиз устамалар, самарасиз имтиёзлар бўйича таклифлар киритиши;
пенсия ва ижтимоий нафақларни ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш бўйича таклифлар киритиши;
янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини таъминлаши;
пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашда илғор ахборот технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши зарур.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси:
АТ Халқ банки билан биргаликда 2018 йилнинг охирига қадар пенсия ва ижтимоий нафақаларни етказиб беришда инновацион интерактив хизматларни жорий қилиши, шу жумладан пенсия ва нафақа олувчиларнинг аутентификациясини таъминловчи мобил ва контактсиз технологияларни жорий этиши;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июлига қадар сервер ускуналарини харид қилиш ҳамда пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритиш, уларни тайинлаш ва тўлаш бўйича дастурий комплекснинг янги версиясини жорий этиш чораларини кўриши назарда тутилган.
Лойиҳа рад этилиши, унга қўшимча киритилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.