Президент ҳарбий билим юртида ҳақиқатан ҳам таълим олишга муносиб, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни ўқишга танлаб олишда талабни ошириш кераклигини айтди.
Давлат раҳбари ҳарбий соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритар экан, мустақиллик йилларида Қуролли Кучларнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий соҳада амалга оширган илк дадил ва ютуқларга бой қадами бўлганини алоҳида эътироф этди. У бугунги таҳликали давр миллий хавфсизликни сақлаш, сарҳадларимизнинг мустаҳкамлигини асраш, тинч ва тотув ҳаётимиз, барқарор тинчлигимизни ҳимоя қилиш доимий ҳаракат ва изланишни талаб қилиши ҳақида гапириб, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш заруратига ҳам тўхталди.
Бу ҳақда гапирар экан, “...профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бизнинг эътиборимиз марказида бўлиб қолиши зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, мутлақо янги Қуролли Кучлар академияси Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналарини ва ҳозирги мавжуд академия ҳамда мамлакатдаги етакчи илмий-таълим муассасаларида тўпланган фаолият тажрибасини ўзига қамраб олади.
“Ишончим комил, бу академия ҳарбий таълимнинг ягона тизимида ҳақиқатан ҳам асосий ўринни эгаллайди, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланади. Академияда лейтенантлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган офицерлар малакасини ошириш ва шунингдек, армиямиз бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш давом эттирилади.
Бу вазифани амалга оширишда биз таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этишимиз, ўқув аудиторияларини замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлашимиз лозим”, дейди Президент.
Давлат раҳбари кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапириб, бу йўналишда амалга оширили лозим бўлган ишларни ҳам аниқ белгилаб берди. Бу ўринда академия тингловчиларининг умумий маданиятини ошириш, уларнинг дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун барча қулай шароитларни яратиш кераклигига ҳам алоҳида тўхталди.
Президент ҳарбий билим юртида ҳақиқатан ҳам таълим олишга муносиб, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни ўқишга танлаб олишда талабни ошириш кераклигини айтди:
“Шу мақсадда мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида икки-учтадан коллеж ва лицейни белгилаб қўйиш керак. Ана шу коллеж ва лицейлар ўзларининг асосий вазифалари билан бирга, олий ҳарбий ўқув юртларига кирадиган ёшларни чуқур тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.
Бундан ташқари, барча олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириш имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир”.