Вазирлар Маҳкамаси алкоголли маҳсулотлар савдосига доир қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида соат 21:00 дан 09:00 га қадар алкоголли маҳсулотларни сотишга йўл қўйилмайди;
алкоголли маҳсулотларни қуйиб савдо қилиш фақат умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси асосида амалга оширилади;
кўнгилочар савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан бошлаб тўхтатилади.
Мазкур банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган чекловлар қуйидаги савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига нисбатан татбиқ этилмайди:
республика ҳудудида ўрнатилган тартибда фаолият юритаётган меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари таркибида ташкил этилган;
махсус туризм зоналарида (эркин туризм зоналари, кичик туризм зоналари, туризм зоналари ва туризм кластерлари) фаолият юритувчи;
“Tourist friendly” тизими орқали сертификатланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтиради;
уч ой муддатда алкоголли маҳсулотлар савдо қилинадиган савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарини техник қўриқлаш воситалари, ёнғиндан дарак берувчи, қўриқлаш сигнализациялари ва видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ҳамда ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пунктларига улаш чораларини кўради.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:
тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда тунги клуб кўринишидаги кўнгилочар савдо объектларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг ёнғинга қарши ва санитария ҳолатларини, шунингдек ушбу объектларда шаклланаётган маънавий-ижтимоий муҳитни ўрганиб чиқсин ва натижалари бўйича қонунда белгиланган чораларни кўради;
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта расмийлаштириш чораларини кўради.