Сенатининг ялпи мажлисида муҳокама этилган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Эндиликда Ўзбекистонда чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш билан бир қаторда уларни реклама ва тарғиб қилиш ҳам тақиқланади.
Сенатининг ялпи мажлисида муҳокама этилган “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
ЎзАнинг ёзишича, қонун 15 моддадан иборат бўлиб, унда “чилим”, “чилим учун тамакисиз чекиш аралашмаси”, “чилим чекиш учун дамлама”, “чилим учун чекиш тоши”, “электрон сигарета” каби асосий тушунчалар мазмуни очиб берилган.
Қонунда чилим ва электрон сигареталарни чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари рўйхатига аниқлик киритилган. Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишни чеклашга доир нормалар киритилган, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш чораларини кўриш учун масъул бўлган шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланган.
Чилим ва электрон сигареталар чекиш учун жамоат жойларида хоналар ва жойлар ажратиш, шунингдек жамоат жойларида чилимларни, чекиш аралашмаларини (чекиш масаллиғини, чекиш тошларини) фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланган.
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш бўйича профилактик тадбирларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар (муассасалар), ташкилотлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг иштирок этиши белгилаб қўйилган.