Президент коррупцияга қарши кураш фақатгина ҳуқуқ-тартибот органларининг эмас, балки халқнинг вазифаси эканини айтди.
Ўзбекистон раҳбари давлат ва жамият равнақига ғов бўлаётган асосий муаммога тўхталди.
“Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир”.
Президент коррупцияга қарши кураш фақатгина ҳуқуқ-тартибот органларининг эмас, балки халқнинг вазифаси эканини айтди:
“Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.
Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”.
Давлат раҳбари мамлакатда коррупция қарши давомий ислоҳотларни олиб боришни қатъият билан айтаркан, бунинг учун жаҳон тажрибасини ўрганиш, Олий Мажис палаталари фаолиятига тадбиқ этиш заруриятига тўхталди:
“Жаҳон тажрибасига назар ташласак, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Болгария, Греция, Латвия, Эстония каби кўплаб мамлакатларнинг парламентларида коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссия ва қўмиталар мавжуд.
Ана шу илғор хорижий тажрибалар ва Конституциямиз талаблари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилишни таклиф этаман. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозим”.