Музокаралар якунида икки томонлама Қўшма баёнот қабул қилинди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари яккама-якка учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашув давомида Президент Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлади.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.
Президентлар Тошкент шаҳридаги Ашхобод сайилгоҳининг очилиш маросимида иштирок этиши, 24 апрель куни Хоразм вилоятига ташриф буюриши режалаштирилган.