Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатлар раҳбарлари музокарани Ўзбекистон ва Туркманистон расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Музокарада мамлакатлар ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва металлургия саноати, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланиш, сайёҳлик каби йўналишлардаги ҳамкорлик устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.
Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларига жорий йилнинг март ойида Президентларнинг музокараларида эришилган келишувлардан самарали фойдаланиш, уларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ишбилармонларнинг ўзаро алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вазифалари топширилди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Туркманобод шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига Ислом Каримов номи берилгани ва бу кўчада Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкал очилгани туркман элининг ўзбек халқига ҳурмат ва эҳтиромининг ёрқин намунаси бўлди.
Ислом Каримовнинг мазкур ёдгорлик мажмуига битилган “Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик – бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир” деган сўзлари ўзбек ва туркман халқларининг мақсад ва ниятини ифода қилади.
Ўз ўрнида Тошкент шаҳри марказида буюк туркман шоири Махтумқули хотирасига ёдгорлик ўрнатилгани ва унинг номидаги кўча очилгани икки халқ ўртасидаги қадимий қардошлик ришталари доимо мустаҳкам эканининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасининг “Камалак” болалар кўнгилочар боғида ўзбекистонлик болалар билан учрашган эди.