Сўзга чиққанлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунга ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Мазкур дўстлик ва санъат кечаси Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Концерт аввалида икки давлат мадҳияси янгради. Сўзга чиққанлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунга ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
“Хитойда “Дўстинг қанча кўп бўлса, йўлинг шунча кенг бўлади”, деган мақол бор. Ўзбекистон Хитой учун яқин дўст ва стратегик ҳамкордир. Бу муносабатлар янада ривожланиши тарафдоримиз. Ушбу байрам тадбири халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашига ишонамиз”, дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе.
Тадбирда “Ўзбекистон – Хитой: биродарлик йўли” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Концертда “Сабо” миллий рақс ансамбли томонидан “Шарқ”, “Хоразмча рақс”, Ўзбекистон халқ артисти М.Тошматов, халқаро танловлар лауреатлари Р.Мирзакамолов, Г.Нурметова ижросида “Абадий дўстлик”, “Мен ва менинг Ватаним”, “Дўст”, “Она ўлкам” сингари қўшиқлар ижро этилди. Хитой миллий маданият маркази ушу тўгараги аъзолари “Арслон” рақси, хитойлик Фан Инчуан “Порла, Тошкент” қўшиғи билан чиқиш қилди.