Халқаро электралоқа иттифоқининг анжумани Тунисда бошланди.
Халқаро электралоқа иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
WTIS форумида “Ахборотлашган жамият кўрсаткичлари” рейтинги эълон қилиниб, АКТни ривожлантириш бўйича 190дан ортиқ давлатларда ўтказилган ўрганишларнинг сўнгги натижалари маълум қилинди. Халқаро электралоқа иттифоқининг 2017 йилдаги ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон АКТни ривожлантириш индексида 8 ўрин юқорига кўтарилиб, 192 мамлакат орасида 95-ўринни эгаллагани айтилди. 2016 йилда Ўзбекистон мазкур рейтингда 110-ўринни эгаллаган эди. Аммо ХЭИ маълумотларни қайта кўриб чиқиб 2016 йил натижалари бўйича Ўзбекистонни 103-ўринга жойлаштирган. Симпозиумда Ўзбекистон АКТни жадал ривожлантираётган давлат сифатида тақдирлангани таъкидланди.
Маълумот учун, WTIS симпозиуми – бу давлатлардаги ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш ҳолатини баҳолайдиган бош халқаро форум ҳисобланади. 1996 йилдан бошлаб форумда мамлакатлардаги АКТ маъмурлари раҳбарлари, йирик бизнесменлар, этакчи олим ҳамда экспертлар иштирок этиб келишмоқда. Унда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш ҳолати, мавжуд муаммо ва ечимлар муҳокама қилинади.
Жорий йилда ҳам “сунъий интеллект”, “салмоқли маълумотлар”, “булутли” технологиялар ҳамда интернет-буюмлар каби жадал ривожланаётган йўналишлар юзасидан тақдимотлар қилинмоқда. Натижалар асосида Халқаро электралоқа иттифоқининг жаҳон бўйлаб замонавий АКТ тенденцияларни ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифалари белгиланади.