Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида ҳашар бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи Ўзбекистонда "Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги" деб эълон қилинди.
Байрам арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида уйлар, кўчалар, маҳаллалар, қишлоқлар, хиёбонларни тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун, 19 август куни ободонлаштириш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида кўтаринки руҳда бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарларида ўтказилаётган умумхалқ ҳашарида 603 мингдан зиёд аҳоли иштирок этмоқда.
Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда умумхалқ ҳашарининг биринчи кунида 711 гектар ер ободонлаштирилиши ва 837 тонна чиқинди чиқариб ташланиши режалаштирилган.