Шу йилнинг ноябрь ойи иккинчи ўн кунлигида Андижон вилоятида хайрия ҳашарини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ҳокимнинг тегишли буйруғига мувофиқ, шу йилнинг ноябрь ойи иккинчи ўн кунлигида Андижон вилоятида хайрия ҳашарини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳашар муносабати билан ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг бир кунлик маоши ихтиёрий асосда вилоят ҳокимиятининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Андижон вилоятида ўтказиладиган ҳашар юзасидан расмий баёнот берди.
“Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади:
Вазирлик таъкидлашича, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.
Ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.
Андижон вилояти ҳокимига 2018 йил 7 ноябрдаги буйруғини қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисида Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг кўрсатмаси юборилган.
Унда ҳашарни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарори ва амалдаги қонунчилик талабларига амал қилиш зарурлигини инобатга олиш кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимлиги ўн кун муддатда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига тақдим этиши кераклиги қайд этилган.