Анжуманда иштирок этган “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов биоҳожатхоналар масаласига тўхталди.
Анжуманда иштирок этган “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов биоҳожатхоналар масаласига тўхталди.
“Биз биоҳожатхоналарни ўрнатишда бошқа давлатларга қараганда анча ортда қолдик. Бу тизимни жорий этиш қанча маблағ талаб этади, қандай тартибда амалга оширилади? Шаҳарлар инфратузилмасига таъсири борми, қувурлар қандай ўрнатилиши кўзда тутилган ё кимёвий йўлдан фойдаланиладими?”, дейилади саволда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:
“Очиғини айтиш керак, бу жуда катта муаммога айланган масала ва бу ҳақда гапиришнинг ҳам вақти келди. Кўплаб хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюрганида айнан иккита масалага эътибор қаратар эди. Биринчиси, аэропортдаги хизматлар бўлса, иккинчиси, ҳожатхоналар муаммолари. Ва мен бу лавозимга келганимдан кейин ҳожатхоналар муаммосини тез орада ечиш бўйича аниқ мақсадлар қўйган эдим.
Айни вақтда маҳаллий ҳокимликлар билан жойларга бориб мавжуд ҳолатни ўрганяпмиз. Биоҳожатхоналар йўқ эмас, бор. Бироқ борларидаги аҳволни ҳам қониқарли деб бўлмасди. Хорижда кўп гувоҳ бўлганмизки, ҳожатхоналарни тозалигига алоҳида эътибор қаратилиб, эшикка уларнинг тозаланиши бўйича илиб қўйилади. Яъни ҳар соатда ёки ҳар ярим соатда тозаланиши белгиланган.
Шаҳар инфатузилмаси ва қўшимча харажатлар масаласига тўхталадиган бўлсак, шуни таъкидлашни хоҳлардимки, агар кўплаб ноанъанавий ёндошувларга мурожаат этсак, бу масалани ҳам жуда оддий ва осон ечсак бўлади. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хусусий ва давлат ҳамкорлигини амалиётини йўлга қўйиш мумкин. Биз тадбиркорларга ўз талабларимизни қўямиз, эвазига эса реклама майдонларини беришимиз мумкин. Улар эса аҳолига бепул хизмат кўрсатадилар. Қувурлар ўтказиш имконияти бўлмаган, электр энергияси йўқ, сув ўтмаган ҳудудларда эко тизимидан фойдаланишни режалаштирганмиз.
Замонавий технологияларга кўра бор-йўғи икки литр сув билан бир марта тозалаш имконияти мавжуд. Қуёш батареялари орқали электр муаммосига ечим топиш, қувурлар йўқ бўлса, ихчам танклар ўрнатиш мумкин”.