Республика бўйича аҳолининг ўртача ёш кўрсаткичи 28,5 ёшни ташкил этмоқда.
Ўзбекистондаги аҳоли сони ва демографик ҳолат кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг жойлардаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилди.
2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 32,1 миллион кишини ташкил этади. Шундан 16,1 миллион нафарини эркаклар, қарийб 16 миллион нафарини аёллар ташкил қилади. Аҳоли сони 1991 йилга нисбатан 55,9 фоизга ўсган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг қарийб 90 йиллик демографик маълумотларига кўра, 1926 йилда республика аҳолиси 4,6 миллион кишини, 1939 йилда 6,3 миллион кишини, 1959 йилда 8,1 миллион кишини, 1970 йилда 11,8 миллион кишини, 1979 йилда 15,4 миллион кишини, 1989 йилда 19,8 миллион кишини ташкил қилган.
Республиканинг миллий таркибида ҳам ўзгаришлар кузатилган. 1991 йилда аҳолининг 72,8 фоизини ўзбеклар, 7,7 фоизини руслар, 4,8 фоизини тожиклар, 4,1 фоизини қозоқлар, 2 фоизини татарлар, 0,7 фоизини украинлар ташкил этган. 2017 йилда эса аҳолининг 83,8 фоизини ўзбеклар, 2,3 фоизини руслар, 4,8 фоизини тожиклар, 2,5 фоизини қозоқлар, 0,6 фоизини татарлар, 0,2 фоизини украинлар ташкил этган.
Ҳозирда Ўзбекистонда яшовчи аҳолининг 30,1 фоизини 15 ёшгача бўлган болалар, 60,5 фоизини 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган меҳнатга лайоқатли кишилар, 9,4 фоизини 55-60 ёшдан катта бўлганлар ташкил этади.
Республика бўйича аҳолининг ўртача ёш кўрсаткичи 28,5 ёшни ташкил қилмоқда.