...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 70 фоизга оширади


14:41, 29.11.2018 Жамият
 3 261

Абдулазиз Комилов Женевада Афғонистон масаласида ўтказилган конференцияда қатнашди.

Кеча, 28 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
 
Конференция Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ташкил этилган.
 
Форумда Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани,  70 га яқин давлатлар, жумладан Марказий Осиё,  Ҳиндистон,  Эрон ва Покистон вакиллари иштирок этди.
 
Конференция иштирокчилари томонидан Афғонистон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш, минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари ва механизмларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Афғонистонда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришишнинг мумкин бўлган йўллари ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
 
Ўзбекистон делегацияси раҳбари нутқида Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг муҳим шарти глобал ва минтақавий даражада умумий консенсус шакллантиришдан иборатлиги таъкидланди.
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ташаббуси билан жорий йилнинг март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини сезиларли даражада кучайтирди.
 
Бугунги кунда “Толибон” ҳаракати билан бирга, барча Афғонистон сиёсий кучлари, жумладан, этник озчиликлар вакилларини тинчлик жараёнига қўшиш зарурлиги барча томонидан бирдек эътироф этилмоқда.
 
Ҳеч бир афғонистонлик тинчлик сиёсий жараёнларидан четда қолмаслиги лозим. Мамлакатдаги тинчлик ва фаровонлик учун миллий манфаатлар атрофида бутун афғон жамияти жипслашиши зарур.
 
Бугун афғон халқи бефойда қон тўкилишидан чарчагани,  янги, тинч ҳаётни бошлаш истаги борлиги кундан кунга намоён бўлмоқда.
 
Ўзбекистон ўзини Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга кўмаклашиш жараёнининг бир қисми деб ҳисоблайди.
 
Тошкент декларациясини амалга ошириш мақсадида Қобул билан келишган ҳолда Ўзбекистон Афғонистоннинг асосий ички сиёсий кучларининг раҳбарлари билан, шунингдек,  “Толибон” ҳаракати вакиллари билан музокаралар ўтказди.
 
Бундан ташқари, Афғонистон муаммосини ҳал қилиш масаласи бўйича Хитой, Покистон, Эрон, АҚШ, Россия, Ҳиндистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари,  шунингдек, мусулмон оламининг асосий давлатлари билан алоқалар ўрнатилган.
 
Вазир таъкидлаганидек, томонларни яраштириш саъй-ҳаракати билан бир қаторда, Афғонистоннинг иқтисодий келажаги, ижтимоий барқарорлиги ва афғон ёш авлодини молиявий қўллаб-қувватлаш зарур.
 
Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши,  унинг минтақавий алоқаларга қўшилишига ҳар томонлама кўмак бермоқда ҳамда ТАПИ, CASA -1000 каби лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон Афғонистон учун ўта муҳим бўлган транспорт, энергетика,  савдо ва таълим соҳаларидаги ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилган.
 
Биринчидан, Мозори-Шариф-Ҳирот темир йўлини қуриш.  Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 30 минг афғонистонликни иш билан таъминлайди ва Қобулга йилига 400-500 млн АҚШ доллари миқдорида фойда кўриш имконини беради.
 
Мозори-Шарифдан Қобул орқали Пешоваргача бўлган йўл қуриш режаси ҳам мавжуд. Ушбу лойиҳани муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 3-4 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Россия, Қозоғистон, Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон темир йўллари вакиллари иштирокида махсус ишчи учрашуви бўлиб ўтади. Ушбу йўл Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган Евросиё ўзаро боғланганлик концепциясининг бир қисмига айланиши мумкин.
 
Иккинчидан, Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғини қуриш. Ушбу лойиҳа Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 70 фоизга ошириб, йилига 6 миллиард кВт/сгача етказади.
 
Мазкур тармоқ Қобулни Марказий Осиё ягона энергия тизимига улайди. Бундан ташқари Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғи CASA-1000 лойиҳасининг ажралмас қисми бўлиши мумкин.
 
Учинчидан, афғон мутахассисларини тайёрлаш.
 
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича Таълим маркази муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда, унда 130 нафар афғонистонлик талаба ёшлар таълим олмоқда. Келгусида ўқувчилар сонини 250 нафаргача ошириш режалаштирилмоқда.
 
Абдулазиз Комилов барчани Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш халқаро ёрдам жамғармасини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
 
Тўртинчидан, Афғонистон билан савдо-сотиқни рағбатлантириш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Термизда божхона терминалига эга Termiz Kargo Centre халқаро логистика маркази яратилди. Ушбу марказ экспорт-импорт ва транзит юк ташиш ҳажмини оширишга кўмаклашиши кутилмоқда.
 
Махсус ташкил этилган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси асосида Афғонистонда амалга ошириладиган лойиҳалар ва дастурлар учун зарур бўлган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун саноат обйектларини очиш режалаштирилган.
 
Ўзбекистон Афғонистонга мунтазам равишда гуманитар ёрдам етказиб бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ёзида кузатилган кескин қурғоқчилик муносабати билан Афғонистонга 3 минг тоннадан зиёд дон, озиқ-овқат ва кийим-кечак беғараз топширилди. Бундан ташқари,  Ўзбекистон Президентининг топшириғига кўра,  Афғонистон халқига 25 та автобус ва қишлоқ хўжалиги техникаси совға қилинди.
 
Жорий йилнинг сўнгги ойларида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айланмаси 25 фоизга ошиб, 600 млн. АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этди. Шу ўринда яқин келажакда икки томонлама савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
 
Нутқ якунида таъкидланганидек, мамлакатда мустаҳкам тинчликни ўрнатиш бўйича сиёсий жараёнлар фақат афғонистонликларнинг ўзлари ва Афғонистон халқи раҳбарлигида ўтиши керак.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Абдулазиз Комилов Афғонистон Женева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар