Маълум қилинишича, Ҳосил Холматов ўтган қисқа вақт мобайнида кўпгина топшириқларни ходимларни лавозим йўриқномаларида белгиланган вазифалар бўйича эмас, балки ўзининг субъектив қарашларидан келиб чиқиб берган.
Ўринбосарини ишдан четлатиш таклифини киритган раҳбарнинг ўзи иш бошлаганига кўп бўлмай туриб вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ расмий сайтида маълумот берилди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 12 майдаги 578-сонли қарори билан “Тошшаҳартрансхизмат” “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланган Ҳосил Холматов Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 19 майдаги 614-сонли қарорига асосан вазифасидан озод этилган.
Маълум қилинишича, Ҳосил Холматов ўтган қисқа вақт мобайнида кўпгина топшириқларни ходимларни лавозим йўриқномаларида белгиланган вазифалар бўйича эмас, балки ўзининг субъектив қарашларидан келиб чиқиб берган, ўтказилган йиғилишларда қисқа вақт (10 кун) мобайнида йўловчи ташиш транспорти фаолиятини тубдан ўзгартириш юзасидан, жумладан ойлик йўл чипталари бўйича қимматбаҳо совринлар берилиши каби юзаки ўйланган, чуқур таҳлилларга асосланмаган ҳолда вазифалар берган.
Ваҳоланки ушбу масалаларни ҳар томонлама ўйланган ва ҳар бир автобус корхонасининг иш фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган иш режалари асосида тизимли ва қатъий белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мумкин, дейилади ташкилот ахборотида. — Бунинг исботи сифатида шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари томонидан уларга ютуқли лоторея ўйинлари эмас, балки биринчи галда сифатли, маданиятли ва бехатар транспорт хизмати кўрсатилиши кераклиги, айниқса, хайдовчи ва чиптачиларнинг йўловчиларга бўлган муносабатларининг тубдан яхшиланиши юзасидан билдираётган эътирозларини таъкидлаш мумкин.
Маълумотларга қараганда, Ҳосил Холматов томонидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раисининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари М.Валиевни эгаллаб турган вазифасидан озод этиш таклифи раҳбарият томонидан рад этилган.